Автомашина ўғирламоқчи бўлган ва уларни калтаклаган шахсларга нисбатан жиноят иши очилди

Ижтимоий тармоқларда, Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори олдида қўлга тушган ўғрилар калтаклангани акс этган видео тарқалган эди.

Видеода “Қўйлиқ” бозорида икки фуқаро бир неча киши томонидан калтаклангани акс этган. Ушбу факт бўйича Бектемир тумани ИИО ФМБ ходимлари теширув ўтказишди ва натижада қуйидагилар маълум бўлди.

Маълум бўлишича, ҳодиса 2-июль куни тахминан соат 16.30 да рўй берган. Бозор савдогарлари – 30 ёшли қашқадарёлик Суннатилло Ш. ва 31-ёшли сурхандарёлик Алишер Т. икки нафар номаълум шахслар 35 ёшли Жоҳонгир Э.га тегишли бўлган “Кобальт” русумли автомобилни эшигини бузаётганлирини кўриб қолишган. Шундан сўнг Суннатилло Ш., Алишер Т. ва ушбу бозорнинг яна бир савдогари Шуҳрат Ш. ҳодиса ҳақида ички ишлар органларига хабар бермасдан, муқаддам судланган фарғоналик 40 ёшли Сайиджон Т. ва 39 ёшли Ахад К.ларни мушт билан жазолаб, уларга тан шикастлари етказишган.

Ушбу факт бўйича Суннатилло, Алишер ва Шухратларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (“Безорилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Сайиджон Т. ва Ахад К.ларга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 25-моддаси (“Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш”) ва 169-моддаси (“Ўғрилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Тошкент шаҳар ИИББ берган маълумотга кўра, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.