Аввал ичимиздаги “ваҳимавирус”ни ўлдириш керак

Дастлаб Хитойда пайдо бўлиб, дунёнинг деярли барча мамлакатларига тарқалиб улгурган бу юқумли касалликка мен ўзимча шундай ном бердим. Нега десангиз, унинг ўзидан ҳам ваҳимаси тезроқ ёйилмоқда.

Аслини олганда, жаҳон миқиёсида эпидемия ва пандемияларнинг вақти-вақти билан такрорланиб туриши тарихдан яхши маълум. Айтайлик, XIV аср ўрталарида Европада рўй берган “Қора ажал” вабо пандемиясида 34 миллион киши нобуд бўлган. Ўтган аср бошларида хуруж қилган вирусли грипп инфекцияси эса дунё бўйича 20 миллиондан зиёд одамнинг ҳаётига зомин бўлганди. Ундан кейин ҳам даврий равишда қайталаниб турган эпидемиялар оқибатида яна миллионлаб кишиларнинг ёстиғи қуриган. Кейинги йилларда тарқалган “парранда грипи”, “чўчқа грипи” сингари вирусли эпидемияларнинг тарихи ва тақдири ҳақида маълумотлар етарли.

Бунда пандемиянинг эпидемиядан фарқи шундаки, эпидемия бир мамлакат ёки минтақа доирасида тарқалса, пандемия бир нечта мамлакатга, ҳатто, жаҳон бўйлаб ёйилиб кетиши мумкин.

Маккор вируслар бугун тағин қайта уйғониб, иммунитети заифлар, кексалар ва беморларни бирин-кетин ҳалок қилмоқда. Лекин шуниси ҳам аниқки, коронавирусни одамларнинг ўзи уйғотиб безовта қилиб қўйди. Энди у уйқуси бузилган гўдак йиғлаб, инжиқлик қилгани каби биздан аламли ўч олаётир.

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз билан қилган нарса-гуноҳ сабаблидир” (“Шўро”сураси, 30-оят). Маълумки, яратувчимиз томонидан бизга бир неча турли маҳсулотларни истеъмол қилиш тақиқланган. Масалан, тўнғиз гўшти, қон ва ўлимтикларни ейиш; маст қилувчи ичимликларни ичиш; наркотик моддаларни қабул қилиш қатъиян мумкин эмас. Шу ўринда “нега”, деган шаккокона савол пайдо бўлади. Аслида, ушбу сўроқни ашаддий душманингиз бўлмиш иблис Аллоҳ каломидан шубҳаланишингиз учун кўнглингизга солиб, васваса қилади. Майли, ушбу саволга баҳоли қудрат жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Яқинда матбуотда бир хабар ўқидим. Унда ёзилишича, Голландияда бир фермер чўчқаларига овқат бера туриб, юраги хуруж қилиб йиқилиб ҳушидан кетади. Унинг ҳаяллаб кетганидан хавотир олган хотини чўчқахонага кириб, не кўз билан кўрсинки, эрининг фақат қуруқ суяклари қолибди, холос.

Энди ўзим гувоҳ бўлганим воқеани айтадиган бўлсам, ҳарбий хизмат давримда А. исмли дўстим бўларди. Рус тилини яхши билмаганлиги сабабли уни қўмондонлик ҳарбий қисм чўчқахонасига ишга жўнатди. Дўстим ҳар ҳафта гарнизонга келиб, зарур озиқ-овқатларни ғамлаб кетарди. У ҳар гал келганида, мени фермасига таклиф қилар, борсам, гўшт билан бир тўйғазишга ваъда берарди. Кунлардан бир кун юртдошимнинг кўнглига қараб, меҳмонга боришга имконият пайдо бўлиб қолди. Аммо мен у ерда чўчқалар қандай боқилаётганини кўриб, нафақат дўстимнинг зиёфатини, ҳатто ҳарбий қисм ошхонасидан бериладиган гўшт ва консерваларни ҳам таъбим тортмай қўйди.

Қон билан ўлимтик ҳақида айтадиган бўлсак, қон ҳужайраларга фақатгина озуқа ташиб қолмай, қайтиш йўлида ўзига хос канализация вазифасини ҳам бажаради. Бу – унинг нима учун тоза нарса эмаслигини етарлича изоҳласа керак. Ўлимтикларда вақт ўтиши билан ўта ҳалокатли бактериялар пайдо бўладики, уларни зинҳор истеъмол қилиб бўлмайди.

Алкогол ичимликлар ва наша ҳақида изоҳга ҳожат йўқ. Хитойлик ўртоқлар эса нафақат чўчқа, балки қимирлаган қанақа жондор борки, барисини паққос тушираверар, заҳардан бошқасини ичаверар эканлар. Шу боис кўршапалакларнинг баъзи бир турида учровчи коронавирус уларга таом орқали юққан деган тахминлар айтиляпти.

Бир пайтлар СПИД касаллигини ҳам олимлар: одамлар маймунлардан юқтириб олган, дея хулоса беришганди. Чунки Африкада маймун гўштини истеъмол қиладиган, ҳатто, улар билан аралашиб яшайдиган қабилалар борлиги яхши маълум.

“Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам офат-балолар юз берди. Бу ундан қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) торттириб қўйиш учундир” (“Рум” сураси, 41-оят), дейилади муқаддас китобнинг яна бир ўрнида. Шубҳасиз, бу гаплар фақат мусулмонларга эмас, балки башариятга қарата буюрилган кўрсатмалардир.

Энди эпидемиянинг нега айнан Хитой, Эрон, Италия, Франция, Испания ҳамда АҚШ сингари мамлакатларда бошқа жойларга нисбатан кенг ва тез тарқалганига келсак, бунинг сабабларини инсоний назокат ва сиёсий одоб юзасидан очиқ айтиб бўлмайди. Бу ҳақдаги маълумотларни қизиқувчан газетхонларимиз ўзлари излаб топганлари маъқул, деб ўйлайман.

Бугунги кунларда ушбу касаллик тўғрисида юқорида айтганимиздек, бири-биридан ваҳимали хабарлар тарқалмоқда. Аслида, вазият у қадар даҳшатли эмас. Масалан, ҳозирда дунё бўйича ҳар куни ўртача 800-850 киши коронавирус қурбони бўлмоқда. Ҳолбуки, сайёрамизда бир кунда 26 минг 283 киши саратон касаллигидан, 24 минг 641 киши юрак хуружидан, 4 минг 300 киши қандли диабетдан вафот этади. 2 минг 800 киши ўз жонига қасд қилса, 2 минг 877 кишини турли ҳашаротлар ва илонлар чақиб ўлдиради. Энг ёмони, ана шу бир кун ичида 1300 киши худди ўзига ўхшаган одамларнинг қурбонига айланади. Яна минг-минглаб кишилар автоҳалокатлар ва турли фалокатлар оқибатида жон таслим қиладилар. Демак, ҳали у қадар ваҳимага тушишга асос йўқ.

Мутахассис шифокорларнинг сўзларига кўра, ҳозирги пандемия тўлқинли равишда тахминан икки йил давом этади. Унинг асосий нишони –  қариялар ва иммунитети сустлашган бемор кишилар бўлади. Дунёнинг касалликка чалинажак 70-75 фоиз аҳолисидан 97-98 фоизи тузалиб кетади. Вақт ўтиши билан коронавируснинг шиддати сўнади. Чунки одамларда унга нисбатан иммунитет шаклланиб, вирус ҳам муҳитга мослаша боради.

Кишига умид бағишлайдиган яна бир томони шундаки, агар касалликни кўршапалаклардан юққани рост бўлса, вирусларга ҳарорат ва қуёш нури ҳалокатли таъсир қилиши керак. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ёзда унинг шашти балки тамоман сўнади. Бу орада ушбу дардга қарши эмдори – вакцина  яратилса ажаб эмас.

Ўрни келганда шуни қайд этиш керакки, оддий грипп, вабо, ўлат, қизамиқ, чечак, гепатит сингари юқумли касалликлар ҳам ўз вақтида ниҳоятда қаттол дард ҳисобланган ва айтиб ўтганимиздек, миллион-миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Улар ҳам одатда, кўпроқ қиш палласида хуруж қилган. Фақат фарқ шундаки, илгари одамлар бу қадар ҳаракатчан бўлишмаган ва эпидемия бунчалик тез ёйилмаган. Эндиликда самолётлар коронавирусни дунёга яшин тезлигида тарқатмоқда. Шу боис ҳам учоқлар қатнови кўпгина давлатлар томонидан тамоман тўхтатиб қўйилмоқда. Ҳозирги вазиятда, ҳаракат қанча кам бўлса, касалликнинг тарқалиш шашти шунчалик сусаяди.

Қолган ўринларда шифокорларнинг маслаҳат ва кўрсатмаларига амал қилинса кифоя.

Худойберди КОМИЛОВ,

сиёсий шарҳловчи.