«Карантинга олинганлар билан ишлаётганимдан онам бехабар…»
Карантинга олинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатаётган шифокор билан суҳбатлашиб қолдим. Исм-шарифини айтмасликни илтимос қилди. Сабаби… Бу ҳақда суҳбат давомида билиб оласиз. Бундай пайтдаги шифокор машаққати, аҳолининг тушуниб-тушунмай йўл тутаётгани ҳақида мутахассисларнинг фикрлари сизни ҳам эътиборсиз қолдирмаса керак.
- Ўз ихтиёрингиз билан бордингизми, карантин ҳудудига ишлашга?
- Тўла ўз ихтиёрим билан деб айтолмайман, шифокорлик мажбурияти, бурчим шуни тақозо қилди. Гиппократ қасамини ичганман, ахир. Ҳозирга қадар бу қасамга хиёнат қилганим йўқ. Айни бугунги оғир кунларда эса бундай йўл тутишга виждоним йўл қўймайди. Шунинг учун ҳеч иккиланмай ушбу ҳудудга ишлаш учун келдим.
- Оила аъзоларингиз бу қарорингизни, ишингизни қандай қабул қилишди?
- Онамдан узоқда яшаймиз. Шунинг учун у кишига билдирмадим. Оналарнинг феълини биласиз, мен ўн тўрт кун бу ерда ишласам, у киши ўн тўрт кун игна устида ўтиргандай бўлади. Хавотирдан ўзига бирор хасталик орттириб олиши ҳеч гапмас. Рафиқам, фарзандларим ишимни яхши тушунишади. Улар билан доимий равишда хабарлашиб тураман.
- Иш тартибингиз аввалги кундалик ишингиздан кескин фарқ қилади, шундайми?
- Албатта! Аввало шуни айтиш керакки, ҳар бир шифокор ҳозирги эпидемиологик вазиятда қандай ишлаш кераклигидан жуда яхши хабардор. Қайси шифокор бўлишидан қатъи назар у аввало умумий даволаш амалиётидан ўтади, врачлар амалга ошириш керак бўлган биринчи ёрдам ҳақида яхши тушунчага эга. Эпидемиологик вазиятда ҳам ўзини қандай тутиш кераклигини шу соҳа вакилларини тайёрлайдиган таълим даргоҳида ўқиганлар жуда яхши хабардор. Ижтимоий тармоқларда бу вазиятга шифокорларимиз тайёр эмас эди, биринчи марта дуч келиши, деган фикрларни ҳам ўқиб қоламиз. Тўғри, ҳозирги ҳолатга нафақат шифокорлар, балки бутун дунё биринчи марта тўқнаш келиши. Унга қарши курашишда нафақат шифокорларнинг, балки аҳолининг, умуман, барча соҳа вакилларининг бирдамлиги, вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда шифокорлар тавсиясига қатъий амал қилиши муҳим аҳамиятга эга.
- Назаримда, сиз иш жараёнидаги қийинчиликларни айтиб ўтмоқчи эмассиз...
- Биринчи навбатда, эпидемиологик вазиятда шифокор ўзини ҳимоя қилиш мақсадида кийиши лозим бўлган комбенезонни кийишнинг ўзи яхшигина вақт талаб қилади. Табиийки, бу кийимни ечмай 16 соат ишлашимиз керак. Шунинг ўзини тасаввур қилиб кўринг. Ҳар бир даволовчи беморимиз вирус юқтирган инсон бўлиши эҳтимоли бор. Шифокор ҳам инсон, у ҳам бу вазиятда ўзидан хавотир олиши табиий. Мамлакатимиз раҳбари айни кунлардаги вазиятда шифокорларни алоҳида эътироф этиши, рағбатлантириши, тўғриси, кўпчилик шифокорларнинг ўз ишига янада масъулият билан ёндашишига сабаб бўлди.
- Карантин қоидаларига амал қилишга бўйин эгмаётганларга нима деган бўлардингиз?
- Карантин ҳудудида ҳам зерикканидан у хонадан бунисига, шунчаки, ҳангома қилиш учун тўпланиб олаётган кишилар бор. Улар ўз ҳаётини хатарга қўяётганлигини тушунтириб келаяпмиз. Зарур бўлганда чоралар ҳам кўриляпти. Юқорида айтганимдай, бутун дунё ҳозирча бу хасталик олдида бош эгиб турибди. Шу фактнинг ўзи ҳаётимизни асрашимиз, тавсияларга амал қилишимиз кераклиги учун асос бўла олмайдими? Давлатимиз бу борада энг зарур чораларни кўраётгани осонлик билан бўлаётгани йўқ. Сиздан талаб этилаётгани эса уйда ўтириш, мабодо кўчага чиқиш мажбурияти туғилганда ҳам барча қоидаларга риоя этиш. Зериккандан, гап сотиш учун кўчага, шунчаки, айланиб келиш учун дўконга чиқишни бас қилинг! Уйда қолинг!
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.