Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иштихонда коронавирусга қарши курашган тиббиёт ходимларига 275 миллион сўмлик устамалар тўлаб берилмагани аниқланди

Тегишли ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ҳам жорий қилинган эди.

Республика Президентининг 2020 йилдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида мазкур устама кўзда тутилган.

Туман адлия бўлими томонидан мазкур ҳужжат ижроси ўрганилганида коронавирусга қарши кураш тадбирларига жалб этилган туман СЭО ва ЖС (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги) бўлими ходимларига 2021 йил май-июнь ойларида жами 275 805 479 сўм олти фоизлик қўшимча тўловлар ходимларнинг ойлик иш ҳақига қўшиб тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Бу ҳақда Zarnews`га туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Акбар Жовлиев маълум қилди.

Юқоридагиларга кўра, туман адлия бўлимининг 2021 йил 23 июлдаги тақдимномасига асосан, СЭО ва ЖС бўлимининг 65 нафар ходимига 275 805 479 сўм 6 фоизлик қўшимча тўловлар тўлаб берилиши таъминланган.