Бемор болани кўтариб, бир километр масофага югурган шифокор
Нарпай туманининг чекка ҳудудида жойлашган оилавий шифокорлик пункти 5 та маҳаллага - 17 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Малакали мутахассис Маҳбуба Тошева шу пунктда 5 йилдан буён мудира вазифасида ишлаб келади.
- 1991 йилда шифокорлик фаолиятимни бошлаганман, - дейди М.Тошева. – 17 йилдан бери мудира вазифасида ишлаб келаман. Мазкур пунктга раҳбарлик қилаётганимга эса 5 йил бўлди. Оилавий шифокорлик пункти мавқеи, асосан, оналар ва болалар ўлими ҳамда туғилиш кўрсаткичларига боғлиқ. Кейинги 5 йилда ҳудудда оналар ва болалар ўлими кузатилмади. Туғилиш кўрсаткичи ҳам камайган.
Авваллари қишлоқ врачлик пунктларида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш учун шароитлар етарли эмас эди. Бугунги кунда кўпгина имкониятлар яратилди.
- Бир пайтлар тиббиёт муассасамизда фақат қон ва сийдик таҳлиллари қилинарди, холос, - дейди мудира. – Бугунги кунда оилавий шифокорлик пунктлари ҳам 9 хилдаги реактивлар билан таъминланиб, биокимёвий таҳлиллар амалга ошириляпти. Натижада касалликлар вақтида аниқланиб, шу ернинг ўзида даволаш чоралари кўрилмоқда. Оддий лаборатор таҳлиллар учун аҳолининг узоқ йўл босиб, туман ёки вилоят марказларига боришига ҳожат қолмади.
Ҳар бир инсон болалигида катта бўлса қайсидир касб эгаси бўлишни орзу қилади. Маҳбуба Тошева ҳам шифокор бўлишни 6 ёшлигида орзу, нафақат орзу, балки мақсад қилган экан.
- Бола эдим, 8 яшар опам оламдан ўтиб қолди, - дейди у. – Ўша пайтда ўзимдан ҳам кўпроқ онамнинг қай даражада азоб чеккани ҳеч эсимдан чиқмайди. Шунда, катта бўлсам албатта зўр шифокор бўламан, ҳеч бир онанинг фарзанди ўлмайди, деб ният қилганман. Орзуим амалга ошди. Бундан фахрланаман. Аммо афсусланган пайтларим ҳам бўлган...
Бундан ўн йиллар илгари хонамга оғир аҳволдаги гўдак билан бир аёл кириб келди. Қишлоқ врачлик пунктида унга ёрдам беришимиз учун имконият йўқ эди. Уни туман марказига зудлик билан етказишимиз керак эди. Ўша пайтларда қишлоқда такси топиш ҳам амримаҳол эди. Катта кўчагача 1 километрдан зиёд масофага болани кўтариб югурганман, ортимда гўдакнинг онаси йиғлаб чопарди. Марказий шифохонага бир амаллаб етиб бордик, аммо у ерда кўрсатилган муолажаларга қарамасадан бола нобуд бўлган. Ўша кезда шифокор бўлганимга афсусланганман. Бугун эса вазият бошқача. Худди шундай аҳволда келган болаларни қишлоқ оилавий шифокорлик пунктида даволаяпмиз. Аҳоли ҳам хурсанд, биз ҳам.
Ҳа, кейинги йилларда бошқа соҳалар каби тиббиётга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Яратилаётган имкониятлар Маҳбуба опа каби шифокорларимизни бу касбни танлаганидан афсусланишга эмас, фахрланишига сабаб бўлмоқда.
- Кўпгина машҳур санъаткорлар билан бўлган суҳбатларни кузатаман, - дея сўзида давом этди суҳбатдошимиз. – Журналистлар уларга, қайта дунёга келсангиз яна санъаткор бўлган бўлармидингиз, деган савол берилади-ку. Агар менга шу савол берилса, албатта, врач бўламан, деб жавоб берган бўлардим. Чунки, масъулиятли бўлган ушбу касбим билан фахрланаман.
Тўлқин Сиддиқов,
Ситора Рустамова,
Ҳусан Элтоев (видео).