Шифокорни тоғлар орасига боришга нима мажбур қилди, 30 миллион сўмми ёки?..
Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида фаолият юритган шифокор тоғлар орасидаги қишлоққа бориб ишлашининг сабаби, орзу ва армонлари ҳақида гапириб берди.
- 13 ёшимда отам оламдан ўтди. Онам 5 фарзанд билан ёлғиз қолди, - дея гап бошлади Анвар Ражабов. - Мен оилада тўнғич фарзанд бўлганим учун унга рўзғор тебратишда, уй ишларида кўмаклашгим келарди. Онам эса буни истамасди. У мени фақат ўқиш билан шуғулланишимни, шифокор бўлишимни, шифокор бўлгандаям ҳалол, маҳоратли, касбга садоқатли бўлишимни хоҳларди. Ўқишга кириб, уни тугатгунимча ҳеч нарсага чалғимаслигимни, етук мутахассис бўлишим зарурлигини, оқ либос кийганимни кўрса армони қолмаслигини қайта-қайта такрорларди.
Мактабни тамомлаб, онам орзу қилгандек, шифокор бўлиш истагида олий ўқув юртига ҳужжат топширдим. Аммо имтиҳондан ўтолмадим. Билимим етарлимаслигини сезгандим. Кейин бир йил Самарқанд шаҳрида тайёргарлик кўрдим. Яна натижа бўлмади.
Ўша кезларда Каттақўрғон туманининг олис қишлоғи - Жизмонсойда нафақат Самарқанд, балки Навоий вилоятида ҳам таниқли бўлган кимё-биология ўқитувчиси Пирмамат Мирзаев борлигидан хабар топдим. Бошқа мен каби абитуриентлар вилоят марказига ёки пойтахтга интилса, мен шу қишлоқда ўқишга тайёргарлик кўришни мақсад қилдим.
Афсуски, бу уриниш ҳам бесамар кетди. Билимим бор, аммо пул йўқ эди. Пули борлар ўқишга кириши қийин бўлмаган давр эди ўшанда. Сабаби, кўз олдимда “шпаргалка”, телефон ва бошқа турли воситалар орқали тест саволларига қийналмасдан жавоб топаётган тенгдошларимни кўрганман. Алам қилган. Тўлов шартнома асосида ўқиш имконияти бор эди, аммо онамга қўшимча юк бўлишимни истамасдим. Бу пайтларда 5 нафар болани катта қиламан, деб онам ҳам саломатлигини йўқота бошлаган эди.
Шифокор бўлишимни ўзимдан ҳам кўпроқ онам хоҳлар эди. Шу истакни сўндирмаган ҳолда Жизмонсойга қайтдим. Яна бир йил давомида шу қишлоқда ўқишга тайёргарлик кўрдим, устоз Пирмамат Мирзаевнинг дарс ўтиши менга маъқул эди. Ниҳоят учинчи уринишда Тошкент педиатрия тиббиёт институтига гранд асосида ўқишга қабул қилиндим.
7 йил давомида олий таълим муассасасида, онам айтганидек, ҳеч нарсага чалғимасдан таълим олдим. Ўқишни тугатиб, институтимиз клиникасига ишга кирдим. Бу ерда олий ўқув юртида олган билим ва кўникмаларимни мустаҳкамлай бошладим.
Онамнинг орзуси амалга ошди. Оқ либос кийганимни кўрди-ю, бу оламни тарк этди. Онамнинг армони қолмагандир, аммо шифокор бўлиб, унинг дардига дармон бўлолмаганим мен учун армон бўлиб қолди.
Ҳаёт давом этаркан, ука-сингилларимга бош бўлиш менинг вазифам эди. Уларни ҳам олий маълумотли қилишга ҳаракат қилдим. 2020 йилда ўзим туғилиб ўсган Хатирчи туманига қайтдим. Туман марказий шифохонасида бир йилча фаолият олиб бордим.
Шундан сўнг, Президент қарорига кўра “Олис ва чекка ҳудудларни тиббиёт ходимлари билан таъминлаш дастури” ишлаб чиқилди. Бу менинг кўнглимдаги гап эди. Сабаби, ўқишга тайёргарлик кўриш жараёнида Каттақўрғон туманининг олис Жизмонсой маҳалласи аҳолисининг оддий касалликларга ҳам даво тополмай қийналишганига гувоҳ бўлганман. Биргина тиббий кўрикдан ўтиш учун 40-50 километр йўл босиб, туман марказига боришга мажбур бўларди. Аввало шу сабаб, қолаверса, икки йил давомида мазкур қишлоқда еган нон-тузимни оқлаш учун ҳам "Жизмонсой" оилавий шифокорлик пунктида ишимни давом эттиришга қарор қилдим.
Бу ерда ойлик маошдан ташқари бир марталик 30 миллион сўм маблағ берилди, шунингдек, ҳар ойда 500 минг сўмдан йўл кира ҳақи тўланяпти. Шунингдек, ҳар ойда 2 миллион сўм қўшимча устама бериладиган бўлди.
Пунктимизнинг хизмат кўрсатиш радиуси 28 километр. Тоғлар орасида жойлашган Тоғчиноқ қишлоғи маҳалла марказидан 18 километр узоқликда жойлашган. Зарур чақирувлар бўлганда, айниқса, қор-қировли кунларда бу қишлоққа бориб келиш жуда мушкул. Асосан, мотоцикл ёки отда борилади.
Аҳолини ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиб туриш яхши самара беради. Бундан бир ярим йил илгари ўтказилган кўрик натижасида аҳоли орасида 1026 нафар сурункали касаллиги бор беморлар аниқланган эди. Бугунги кунга келиб, бу кўрсаткич 476 тага тушган. Ҳозирда қолганларини ҳам даволаб, барчасини буткул соғломлар сафига қўшишни ният қилганмиз.
Қийинчиликлар бор, ўзига яраша, аммо бу ерга келиб ишлаётганимдан афсусланмайман. Асосийси, олис ҳудуд аҳолисини рози қилиш. Қишлоқ одамлари жуда самимий. Улар билан қадрдонмиз. Турмуш ўртоғим ва икки фарзандим билан бу қишлоққа келганимизда бизни кутиб олишидан уларнинг меҳмондўстлиги сезилиб турарди. Мана, бир йил ичида улар билан оға-ини, қариндошдек бўлиб қолдик.
Биз зўр мутахассис бўлганимиз билан тиббий пунктда етарли шароит бўлмаса бари бекор. Пунктимиз 4200 нафар аҳолига хизмат қилади. Бу ерда кўпгина имкониятлар яратилган. 127 хил дори-дармон билан таъминланган. Тез тиббий ёрдам шохобчаси ишлаб турибди.
Шартномада белгиланган муддатда, яъни 3 йил давомида шу маҳалла аҳлига қўлимдан келганча хизмат кўрсатишни мақсад қилганман. Кейин эса яна пойтахтга бориб, иккинчи мутахассислик бўйича таълим олмоқчиман. Диагностика соҳасини мукаммал ўрганиб, шу бўйича изланишлар олиб бораман.