Аввал қарзингизни тўланг!
21 апрель куни zarnews.uz сайтида “Икки кундан бери уйимизнинг лифтлари ишламаяпти?” номли мурожаат берилди. Унда Самарқанд шаҳри Қорасув массивидаги 7-кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи И.Довурбекова, К.Каттаев ва бошқалар янги уйларнинг лифтлари ишламаётганидан шикоят қилиб, одамлар, айниқса, кексалар, ҳомиладор аёллар ва ёш болалар хонадонларига чиқиб-тушишга қийналишаётгани ҳақида ёзиб, “Муаммога ечим топадиган ташкилот борми?” дея иддао қилишган.
Бор. Ана шундай ташкилот бизмиз, яъни Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси. Аммо кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли электр энергияси истеъмоли учун тўловларни ўз вақтида тўламаса, уйларида чироқ бўлмайди, ширкатга мажбурий бадалларни тўламаса ва ширкат лифтлар электр энергияси учун тўловларни амалга оширмаса, лифтлари ҳам ишламайди. Буни ёш бола ҳам билади.
Қорасув масканидаги уйлар янги, улардаги лифтлар ҳам замонавий. Уларнинг ишламаслигига бошқа бирор сабаб йўқ. Мурожаатда исм-шарифлари кўрсатилган “И.Довурбекова, К.Каттаев ва бошқалар” айнан ширкатга тўланадиган мажбурий бадал тўловларидан яхшигина қарздор.
Ижтимоий тармоқдаги мурожаатда кўрсатилган 7-уйнинг умумий қарзи 15 920 780 сўм.
Бу уйга хизмат кўрсатувчи “Янги уйлар сервис” уй-жой мулкдорлар ширкати айнан мулкдорларнинг мажбурий бадал тўловларини тўламаслиги натижасида шаҳар электр тармоқлари идорасидан 23 миллион сўмдан ортиқ қарздор бўлиб қолган.
Ҳурматли мулкдорлар, биз шаҳар электр тармоқлари идорасига илтимос қилиб, лифтларингизни ишлатиб қўйдик. Аммо унутманг, бу вақтинча. Мажбурий бадалларни тўламасангиз ва ширкатингиз лифтлар электр истеъмоли учун тўловларни амалга оширмаса, албатта, лифтларингизнинг автоматик электр хисоблагичлари ўчиб қолади.
Айни дақиқада лифтлар ишлаб тургани акс этган лавҳа илова қилинмоқда.
Ҳусниддин Шодиев,
вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси “Таъмирлаш-тиклаш” ДУК фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси.