“Аввал шифокорларни излаб узоқ йўл босиб борардик, бугун улар ўзлари келяпти”
Пайариқ тумани Ғаллакор маҳалласи вилоят марказидан 80 километр узоқликда жойлашган. Аммо олис ҳудуд аҳолиси эътибордан четда қолаётгани йўқ. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўтказилган пресс-турда бунга амин бўлдик.
22-оилавий поликлиника Ғаллакор ва Накурт маҳаллалари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатар экан. Бу поликлиникага қарашли 4 та тиббиёт пункти ҳам фаолият юритяпти.
- Бундан бир неча йиллар илгари тиббий кўрикдан ўтиш ёки фарзандларимизни эмлатиш учун маҳалла марказига 18 километр йўл босиб бориб келардик, - дейди Кўрсафар қишлоғида яшовчи Марғуба Кенжаева. – Ўтган йили қишлоғимизда тиббиёт пункти ташкил қилиниб, узоғимиз яқин бўлди. Бугунги кунда шифокорлар ўзлари келиб, шу ернинг ўзида малакали тиббий хизмат кўрсатяпти.
- Тиббиёт муассасамиз Ғаллакор маҳалласи марказида жойлашган, - дейди оилавий поликлиника мудири Сирожиддин Нормўминов. – 2019 йилда бунёд этилган замонавий бинода аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Аввал ҳудудда бор-йўғи икки нафар умумий амалиёт шифокори фаолият юритган бўлса, бугунги кунда бу ерга нуфузли тиббиёт муассасаларида ишлаган, тажрибали 4 нафар мутахассис келиб иш бошлади. Оилавий поликлиникада жами 112 нафар тиббиёт ходими ишлайди. Улар бригадаларга бўлиниб, олис қишлоқлар аҳолисига хизмат кўрсатиб келяпти.
Бугунги кунда туманда 3 та оилавий поликлиника, 21 та оилавий шифокорлик пункти аҳолига хизмат кўрсатяпти. Шу кунларда туманда "Сайёр маммография" аппарати орқали тумандаги 40 ёшдан ошган аёллар тиббий кўрикдан ўтказиляпти.
Пресс-тур иштирокчилари Оққўрғон ва Кўпаки маҳаллаларида жойлашган оилавий поликлиникалар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.