Ахлоқнинг тагига ўт кетгани шу ёхуд “Келинлар бозори”ни ҳам кўрдик

Одамзот қуюшқонидан чиқиб бораётган давр билан юзма-юз турибмиз. Шу пайтгача зўравонлик, баднафслик, манфаатлар тўқнашуви эвазига содир бўлган турли хил уруш ва талотумлардан бир амаллаб омон қолган заминни ахлоқсизлик, фаҳш ва тубанлик каби иллатлар ўз гирдобига торта бошлади.

Энди бу дунёни қандай асрамоқ керак, деган ўйдан кўра одамни, одамзотни қандай асраймиз, деган оғриқли муаммо пайдо бўлди.

Дунёни асрама, дунё жойида турибди. Одамни асра, фақат одам ўз ўрнида эмас, одамдан одамийлик йўқолиб бормоқда...

Одамийликни сақлаш шунчалар қийинми? Одамийликни асраш шунчалар оғирми? Одам бўлиб яшаш шу қадар мушкулми?

Қийин экан-да, оғир экан-да, мушкул экан-да... кўриб турибмиз-ку. Нима у Одамийлик?

Одамийликни излаб жуда ҳам чуқур кетманг. Фалсафий қарашларларга ҳам шўнғиманг. Оддийгина қилиб айтсак, одамийликнинг илдизи Аҳлоқ.

Ахлоқ эса — бу, Маънавият. 

Инсоният бошига ёғиладиган барча фалокатлар маънавиятсизлик эвазига содир бўлади. Маънавият ҳар қандай жамият ва миллатни зимистонлик чоҳидан қутқариб қоладиган илоҳий бир тушунчаки, унинг замирида адабиёт, соф санъат, инсонни эзгуликка ундовчи жамики нурли ақидалар жо бўлади. Қаердаки китобга, бадииятга, фалсафий идрокни шакллантирувчи мутолаага эҳтиёж юқори бўлса, ўша ерда маънавият чуқур илдиз отади. Ўша ерда ўзлигини йўқотмайдиган миллат келажаги ўниб-ўсади. Маънавият эзгуликдан озуқланади. Эзгулик китобдан олинади. Китоб ўқиш эса бугун муаммога айланди, бутун башар шу аҳволда, китобдан олислашди.

Бизда ҳам кам ўқишмоқда, бирор журнал ёки газетада асаринг эълон қилинса, ўқувчи тугул адабиётга даҳлдор одамлар, ҳатто ёзувчиларнинг ўзлари ҳам бехабар бўлишади. Сабабими, нашрлар нусхаси кескин тушиб кетди. Шундай бўлишига атайлаб йўл қўйилди. Газета-журналдан юз ўгирган оломонга айланмоқдамиз. Шундоғам ўқишга рағбати суст қавм интернет ва қўлтелефонни овунчоқ билди, энди ўзи ҳам шу нарсанинг ўйинчоғига айланиб бўлди. Ҳа, интернет бизни истаган кўйига солиб ўйнатяпти.

Аслида зиёли, қалби ва руҳиятини китоб ёритган одам интернетнинг чексиз имкониятидан илм ва эзгулик йўлида оқилона фойдаланади. Жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиш учун уни ўзига бўйсундиради, аксинча, маънавий иммунитети паст омма интернетнинг ҳалокатли гирдобида қолиб кетади. Афсус, алам билан билан айтиш керак, биз интернетга тайёр эмас эканмиз. Назаримда, бу дунёда интернетга тайёр миллат, одамийлик илдизи қирқилмаган, ўзагидан ўзлиги узилмаган халқ яшаб қолади.

Глобал дунё ўзидан ортиқча, кераксиз авомни улоқтириб ташлаш учун ҳам уни интернетга рўбарў қилиб, қўлига қўлтелефон деган қуролни бериб қўйди. Энди оми миллат аҳли бир-биридан шу матоҳ орқали ўч олади, қасд қилади, ўлдиради, мажақлайди, бир-бирининг устига маломат ағдаради. Ҳеч қандай урушнинг кераги йўқ. Бундай қавмнинг бошидан бомба ташлаш ҳам шартмас. Ўзини ўзи қириб ётаверади. Адойи тамом қилади, адойи тамом бўлади.

Адойи тамом бўлаётгани шу эмасми, телефон кўр қилгур нокаслар бир-бирининг кўрпа-тўшагини кўчага олиб чиқмоқда. Айтишга мажбурман, “ётиш-туриши”ни ҳам кўрсатиб беришга уринмоқда. Оғзи тешик тоғорага айланган беҳаёлар тилида мағзава кўпчийди, эгнидаги илвасинга қўшилиб юзининг пардаси ҳам шилинган айрим ойимтилла, зоти паст бешармлар ўзидан доно-ю донишманд, маслаҳатгўй ясаб, элга элолдилик қиладилар...

Хуллас, ҳамма қўлтелефонга қараб уйғонмоқда, ҳамма қўлтелефонга қараб ухламоқда, ўладиган ҳам шу қўлтелефонга қараб ўлмоқда. Бундай “олатаъсир отўйин” оқибатида шу қавмнинг келажаги қўлтелефонга уйланади, қўлтелефонга эрга тегади, деган қўрқинчли ўйга ҳам борасан киши.

Эрта тонгданоқ дилим хуфтон бўлди. Элга теккан касаллик, кўзимни очишим ҳамона қўлтелефонни ёқиб, яна бир шармисор видеога кўзим тушди. Олдин: “...наҳотки шуни бизда тайёрлашди, бўлиши мумкинмас, буни халқимизни калака қилиш, ерга уриш мақсадида бошқалар ишлагандир...”,  деган хаёлга бордим. Кейин: “...бу сунъий интеллект-ку, булар “одам” эмас, “ясама”лар...”, деган ўй билан ҳовуримни босмоқчи бўлдим. Қаерда, ичим ёниб кетаверди. Ахир буни сунъий интеллектми, гўрми, бало-баттарми, нима яратган бўлса ҳам ўзбекча гапиряпти-ку, бунинг бошида одам боласи, ўзбекчани биладиган, эҳтимол, ўзбекман деган кимсалар турибди-ку.  “... Майли, эътибор берма, бу видеолавҳа замиридан ҳеч бир ёмонлик ахтармагин...”, деб, дастлаб ўзимга таскин бера бошладим. Лекин: “...Ўзингни алдашга уринма, ахир бунда сенинг опа-сингилларинг, онанг, хотининг ва қизларинг шаънига тегадиган ҳақорат қалқиб турибди-ку...”, деган ўй жонимга буров солди.

Ўзбек аёлларини бозорга чиқариб қатор қилиб қўйишиб, худди картошка-пиёз, қовун-тарвуздай мақташмоқда-ку. Мол, қўй-эчкиларни сотгандай “айби”ни ҳам айтиб сотишмоқда-ку. Яна номини “Келинлар бозори”, дея номлашган. Оғзинг йиртилгурларнинг оғзидан чиққан гапларни эшитсанг, этинг сесканади, ўзбек аёли тимсолидаги сотувчи ожизалар ўз келини, қизи, ўз яқинларини бир сафга тизиб, ўзга эркакларга шармандали таъриф-тавсифлар билан пуллашмоқда, миллатнинг шаъни аталмиш хилқатларни кўз-кўзлаб эркакларга қўшиб қўйишмоқда, қўшмачилик қиляптилар.

Мен уларнинг гап-сўзларини таҳлил қилиб ўтирмайман, бу шармисор картина ҳақида узоқ тўхталмоқчи ҳам эмасман. Балки, шу нарсаларни ёзганимдан кейин ўша видеолавҳани кўришга ишқибозлар янада кўпаяр, балки мен уни билиб-билмай тарғиб қилаётгандирман, лекин, жим ўтириш, индамай қўл силкишга ҳам юзим чидамаяпти. Очиғи, яна айтаман, бу видеолавҳадан кўзда тутилган ғояни ҳар жиҳатдан талқин қилиб, бирор ёруғ мақсад тополмадим. Ўзимни Сен замондан орқада қолгансан, булар балки, жамиятда ахлоқсизлик урчиётганига зарба беришмоқчидир, балки мошинбозордаги алдам-қалдамларга урғу бериб ҳазил қилишаётгандир, деган фикрга ҳам осилиб кўрдим. Лекин чўкаётган одамнинг хасга ёпишган кўйига тушдим, холос. Йўқ, бу ҳазил эмас, зил эди, зилки, қадр-қимматингни, миллат номусини зирқиратадиган, бугун “Келинлар бозори”, эртага “Фоҳишалар бозори”, индинга “Иславотхонадаги олди-сотдилар” каби роликларни тайёрлаш олдидан қўйилган шум қадамдир, деб ўйладим. Наҳотки, шу даражага етиб келдик? Етиб келмадик, ўтиб кетганга ҳам ўхшаяпмиз. Нега бунга индамай, томошабин бўлиб туришимиз керак? Тамошабинмизми, демак, биз шундай бешармликка хайрихоҳмиз.

Бундай ипирисқи нимарсалар миллатнинг келажаги, номуси, ғурури, ўзлиги, аёл қадри, оила муқаддаслиги деган тушунчалар, узундан-узун маъруза-ю, қалин-қалин китобларнинг аҳамиятини “бир чўқиш”да кунпаякун қилади. Чунки, китобдан олислашган, ўқимаётган мўрт қавмда шундай майда нарсаларга ўчлик ҳисси кучайиб бормоқда. Бу эса хавф. Бу тахлит шармисор лавҳаларга ўз вақтида зарба берилмаса, қонун аралашмаса, ҳуқуқий баҳо, керак бўлса, жиноий жазо тайинланмаса, жамиятда ахлоқсизлик илдиз отиб бораверади. Ахлоқсизлик эса ҳалокатдир.

Агар сиз бировни ҳақоратласангиз, ўша биров ҳуқуқ-тартибот идорасига мурожаат қилса, албатта, қонун олдида жавоб берасиз. Лекин бутун бир миллат маънавиятини оёқости қилиб, миллат қадрини топташга уриниш, миллат аёлларини ерга уриш, эркакларини шунчалар юзсиз ва ахмоқ қилиб кўрсатиш бежавоб қолаверадими? Бунинг учун мен ёки бошқа бировнинг ҳуқуқий идорага шикоят қилиши, бунга қарши мақола ёзиб чиқиши ҳам шарт бўлмаса керак. Ҳаммамизнинг онамиз, аёлимиз, опа-сингилларимиз, жуфти ҳалолларимиз ўзимиз учун ардоқли бўлгани каби миллатимиз аёллари шаънига ҳам ким бўлишимиздан қатъий назар масъулмиз. Уларни бундай ҳақоратлатиб қўймаслигимиз керак.

Бундай манзарага лоқайдлик ахлоқсизлик баттар урчишига олиб келади. Ахлоқсизлик эса жамиятни емиради.

Бундан бир мунча вақт олдин маънавиятчилар, юрт зиёлилари медиа ва ТВ оламидаги шу тусдаги бемаъни лавҳалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида “Маънавий экспертиза” зарурлиги, эфир ёки ижтимоий тармоқларда узатилаётган нобоп тасвирлар миллатнинг эртанги авлоди руҳиятига тажовуз қилиши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришган эди. Демократия, инсон ҳуқуқлари, эрки, бугунги очиқ-ойдинлик тамойиллари соясида шу масалага жиддий эътибор қаратилмади.

Ёш авлод онгидан эзгулик ва ёруғлик, маънавий гўзаллик туйғуларини сиқиб чиқараётган, ҳар куни инсон қалбидаги нозик ҳиссиётларни ўлдиришга қаратилган тасвирлар берилаётгани фалокат деб баҳоланмоғи керак. Ё буни фалокат деб ўйламайсизми? Уларнинг йўлини тўсмаслик ҳам яхшилик билан тугамайди.

Қонимизда сингиган туйғулар, қадриятимиз ўзаги одоб-ахлоқ ва эзгулик тушунчаларининг емирилишига томошабин бўлиб ўтириш аянчли оқибатларга олиб келади. Мана, олиб келмагани шуми, хотинларимизни бозорга олиб бориб сотиш тарғиб қилинган видео ҳам чиқардик-ку... Бизга бу камми?

 Биз шундай халқмидик-а? Бугунимиз шундай кечаётган бўлса, эртамиз нима бўлади?

Қўчқор НОРҚОБИЛ.