Айбланувчининг содир этган жинояти юзасидан иқрорлиги енгилроқ жазо тайинланишини таъминлайди

2021 йил 18 февралда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон қонунчилиги тарихида бўлмаган янгиликларни жорий этди. Хусусан, улардан бири сифатида Жиноят-процессуал кодексига киритилган Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув деб номланган алоҳида 62-1-бобни таъкидлаш жоиз.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув айрим тоифадаги жиноятлар бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.

586-2-моддада айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома ва уни бериш тартиблари мукаммал белгилаб берилган.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг бош мақсади — айбланувчининг содир этган жинояти юзасидан иқрорлиги асосида судда енгилроқ жазо тайинланишига эришиш, шунинг баробарида, кўплаб сансалорликларга сабаб бўладиган узоқ давом этувчи суд жараёнларини қисқартиришдан иборатдир.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят содир этишда гумон қилинган шахс билан прокурор ўртасида тузилади. Айбга иқрорлик тўғрисида келишув имзоланганидан кейин иш бўйича тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказиш зарурати мавжуд бўлмаган тақдирда прокурор айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, ишни зудлик билан судга юборади.

Суд эса мазкур масалага доир ишларни умумий тартибда, бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқади. Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), қонуний вакил, ҳимоячи, прокурор иштирок этади. Суд мажлиси ўтказиладиган жой ва сана ҳақида лозим даражада хабардор қилинган жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёки унинг вакилининг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.

Бундай келишувлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар юзасидан тузилади, ўта оғир жиноят содир этган шахслар билан келишув тузишга йўл қўйилмайди.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг ижобий жиҳатларидан асосийлари тарафлар ўртасидаги зиддиятли муносабатларнинг юмшаши ҳамда судлов ва айблов органларининг вақти ва маблағлари тежалиши, яъни иш юкламаси камайишидир.

Айнан айбланувчи томонидан айбнинг тан олиниши унинг ижтимоий хавфли қилмиши юзасидан суд муҳокамасидан воз кечганини англатади. Мазкур келишув натижасида айбланувчининг айблов доираси қисқартирилиши ёки ундан айрим эпизодларнинг чиқарилиши ва квалификациянинг енгилроқ томонга йўналтирилиши, жазо ҳажми, миқдори ва ўташ тартибининг қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроғи тайинланиши мумкин.

Келишув тасдиқланган ҳолларда жиноят бўйича тайинланадиган жазо муддати ёки миқдори Жиноят кодексининг тегишли моддасида ёки қисмида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.

Тўлқин Қодиров,

Самарқанд вилоят суди судьяси.