Аёл нега ўз жонига қасд қилди?
Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда шу масалалар муҳокама этилди.
Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова хотин-қизларнинг ўз жонига қасд қилиши сабаблари ҳақида тўхталар экан, бу масалада оилавий келишмовчиликларнинг ҳам ўрни катталигини таъкидлади. Шу билан бир қаторда, аёлнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришда бу эътиборни таълим муассасаларидан бошлаб, барча ташкилотлардаги бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари масъулиятини ошириш вазифасига тўхталди.
Шунингдек, йил давомида хотин-қизлар қўмиталари томонидан олти мингга яқин оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг рўйхати шакллангани, уларга зарур кўмак белгиланганлиги таъкидланди. 321 нафар жиноятга мойил бўлган ва жазони ижро этиш муассасасидан қайтган хотин-қизларга мураббийлар бириктирилиб, ижтимоий аҳволи бўйича сўровлар олиб борилган. Ижтимоий реабилитация ва мослаштириш марказлари томонидан 359 нафар хотин-қизларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, 50 нафарига психологик, 45 нафарига ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилган, 41 нафарининг бандлиги таъминланган, 96 оила яраштирилиб, 46 нафар шаръий никоҳда яшаётганларнинг никоҳи қонунийлаштирилган. Аммо…
- Вилоят прокуратураси томонидан хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатлари ўрганилиб, таҳлил этилган, - дейди вилоят прокуратураси прокурори С.Каримов. - Бу салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган йиғилишлар ўтказилиб, мутасаддиларга тегишли вазифалар берилган. Шунга қарамай, аёллар орасида оилавий муаммолар оқибатида маънавий тушкунликка тушиш, қаттиқ асабийлашиш, моддий қийинчиликлар юзага келмоқда. Айниқса, ўз жонига қасд қилиш ҳолати Оқдарё, Паст Дарғом, Самарқанд, Тойлоқ, Пайариқ, Нарпай туманларида ошган.
Йиғилиш давомида бу масалада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама этилди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.