Айрим импорт товарларга божхона тўлови ўзгаради
2024 йил 12 августдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
- базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) — 375 000 сўм этиб белгиланган (бугунги кунда мазкур миқдор – 340 000 сўмни ташкил қилади).
Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ўзгариш импорт қилинаётган товарлар учун тўланадиган божхона тўловлари миқдорига ўз таъсирини кўрсатади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги товарлар учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида”ги
347-сон қарорига кўра “ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари” ҳамда “пневматик резина шиналар ва покришкалар” импортида утилизация йиғими ундирилиши белгиланган бўлиб, мазкур йиғим БҲМга нисбатан белгиланган ҳолда ҳисобланади.
Масалан, 2024 йилда ишлаб чиқарилган “BMW X7” автомобили учун бугунги кунда ва 2024 йил 1 октябрдан бошлаб ундириладиган утилизация йиғими миқдори фарқи қуйидагича кўриниш олади:
- автотранспорт воситасининг двигатель ҳажми 2998 см кубни ташкил қилиб, бунга эса юқорида келтирилиган қарор асосида БҲМнинг 180 баробарида утилизация йиғими қўлланилади. Бугунги кун ҳолатида бу миқдор 61 200 000 сўмни (180х340 000) ташкил қилса, 1 октябрдан 67 500 000 сўмни ташкил қилади. Натижада умумий божхона тўловлари 6 300 000 сўмга кўп тўланади.