Баҳор қуёши фойдалими ёки зарар?

Серёғин куз ва узоқ қишдан кейин баҳорнинг ёрқин қуёшидан ёқимлироғи йўқ. Қуёш нури инсон танаси учун зарур эканлиги ҳаммага аён, албатта. У кўнгилни кўтарувчи, шодлик улашувчи ажойиб антидепрессант ҳисобланади.

Буларнинг барчаси серотонин - қуёш нури таъсирида ишлаб чиқариладиган "бахт гормони" ҳисобига рўй беради. У бизга ижобий қувват беради. Ультрабинафша нурлар организмдаги калций метаболизми ва сўрилишини тартибга солувчи Д витамини синтезига ёрдам беради.

Организмда калций етишмовчилиги тиш касалликлари, соч ва тирноқларнинг мўртлашиши, остеопороз ривожланиши ҳамда болаларда рахит, иммунитетнинг пасайишига олиб келади.

Д витамини  озиқ-овқат ва витамин комплексларини қабул қилишдан кўра очиқ осмон остида, қуёш нурлари таъсирида  кўпроқ ҳосил бўлади.

Қуёш нурлари организмдаги метаболик жараёнларга фойдали таъсир кўрсатади, мия, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди, иммунитетни яхшилайди.

Қуёш нурлари таъсирида томирлар кенгайиб, ҳужайралар кислород билан тўйиниши яхшиланади.

Баҳор қуёши деформацияланган тўқималарда регенерация жараёнларини кучайтиради, қон ҳужайраларининг ҳимоя хусусиятларини фаоллаштиради, соч ўсишига таъсир қилади, инсон танасининг токсинлар ва заҳарларга нисбатан сезгирлигини пасайтиради.

Аммо фойдаси олтинга тенг бу текин муолажада ҳам меъёрни унутмаган маъқул.

Қуёш нури кўз ва кўриш жараёни учун хавфли ҳам экан. Қуёш нурларининг тўғридан-тўғри ёки қорда аксланиши кўзларга жиддий зарар етказиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун қуёшли кунларда ҳимоя кўзойнаклари ва қуёшдан ҳимояловчи воситалардан мунтазам фойдаланиш зарур.

Ультрабинафша нурлари остида кўп қолиб кетиш унинг терига чуқур сингиши оқибатида сувсизлантиради ва эрта қаришни келтириб чиқаради. Тери жилосизланиб, коллаген ишлаб чиқариш камаяди, тери эластиклигини йўқотади. Қуёшли кунларда ҳимоя кремларидан фойдаланиш, юз ва қўллар намлантириб турилиши лозим бўлади.

Қуёш таъсирида инсон танасида эркин радикаллар фаоллашади ва ҳужайраларни йўқ қилади, бу иммунитет тизими фаолияти бузилиши, натижада саратон касаллигига олиб келиши мумкин. Мутахассислар терига гўзал тус бериш учун сунъий нурда тобланиш(солярий)лар натижасида саратон  касалликлари келиб чиқишини таъкидлашган.

Бунинг олдини олиш учун антиоксидантлардан фойдаланиш, айниқса болаларнинг қуёш остида ўтказадиган вақтларини назорат қилиш, доимий бош кийим, ҳимоя кўзойнаги, соябондан фойдаланиш зарур.