Хорижий тилни ўрганиш маданий бойликми ёки миллийликка таҳдид?

Юртимиз ёшлари орасида хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш кучайиб боряпти. Чунки тил билиш нафақат ўқиш, балки иш топиш воситасига айланмоқда. Айниқса, инглиз тилидаги сўзлар, иборалар, улар билан боғлиқ маданий унсурлар бугунги ёшларнинг кундалик ҳаёти, нутқи ва дунёқарашига таъсир қиляпти.

Бугунги ўсмирлар кўпроқ инглизча контент томоша қилиб, шу тилда мусиқа тинглаяпти, фильмлар томоша қиляпти, шу тилдаги ижтимоий тармоқларни кузатяпти. Ҳатто ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари постини инглизча сўзлар билан ифодаламоқда. “Nice”, “Bro”, “No problem”, “Motivation”, “Ok” каби аралаш иборалар эса уларнинг кундалик мулоқоти бўлагига айланган.

Ёшларда инглиз тилига бўлган қизиқишнинг ошиши сабаблари глобал тилда сўзлашиш орзуси, чет элда ўқиш, халқаро имкониятларга чиқиш истаги билан боғлиқ. Бошқа томондан, бу ҳолат кўп ҳолларда “замонавий” ёки “интеллектуал” кўринишга интилиш, яъни мода сифатида намоён бўлаётир. Гўёки, инглиз тилини билмаганлар ўзини орқада қолаётгандек ҳис қилади.

Тўғри, инглиз тилини ўрганиш ёшларнинг дунёқарашини кенгайтирар, янги билим ва имкониятлар сари эшик очиши мумкин. Бу тил орқали уларда хорижий адабиётларни ўқиш, бошқа маданиятлар билан танишиш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш имконияти пайдо бўлади. Чет эллик ёшлар билан мулоқот қилиш, халқаро форумлар ва онлайн курсларда иштирок этиш каби имкониятлар ҳам бевосита инглиз тилини билишга боғлиқ.

Бироқ бу жараённинг салбий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Афсуски, баъзи ёшлар она тилини эътибордан четда қолдириб, инглизча контентларга берилиб кетмоқда. Бу эса уларни ўзлик, миллий қадриятлардан йироқлашишга олиб келяпти. Улар фикрини ўзбек тилида ифода эта олмасдан, аросатда қоляпти.

Тилшуносликда буни “маданий аралашув” деб атайди. Яъни, тил ўзгаради, янги сўзлар кириб келади. Агар бу аралашув мувозанатсиз бўлса, бир тил иккинчисини сиқиб чиқаради ва бу миллийлик учун маданий хавфга айланади. Шунинг учун, биз, ота-оналар, педагоглар инглиз тилининг ҳаддан зиёд устунлашувидан хавотирдамиз.

Инглиз тилини ўрганишга қарши эмасмиз. Аммо бу жараёнда мувозанат сақланиши зарур. Ёшларимиз инглиз тилини ўзлаштирар экан, ўзбек тилини, маданиятини, тарихини, адабиётини ҳам севиб ўрганиши шарт. Шу тариқа улар глобал дунёга чиқиб, миллий қадриятларни ҳам тарғиб қила олсин, билимли ва маданиятли авлодга айлансин!

Хорижий тилларнинг ёшлар маданиятига кириб келиши замон талаби. Лекин бу талабни онгли бошқариш, миллийликни асраб қолган ҳолда глобаллашувга қадам қўйиш асосий вазифамиз бўлиши керак. Тилни эмас, мазмунни танлаш даври келганини унутмайлик. Муҳими, кимлигимизни йўқотмаслигимиз лозим.

Ғайбулло МИРСАНОВ,

СамДЧТИ профессори.