"Бажарамиз"дан қачон қутуламиз?

"Очиқ мулоқот" – ҳар ҳафта якунида Самарқанд телевидениеси орқали узатилаётган жонли мулоқотларни кўрарканман, кейинги пайтларда у номигагина ўтказилаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Бунинг сабаблари бор, албатта.

Кўпчилик орзиқиб кутиб, йўллаётган саволлар "Бажарамиз, бўлади, масалани ечамиз"дан нарига ўтилмайдиган жавоблар билан чекланмоқда. Тўғриси, ушбу кўрсатувларни кузата туриб, ҳали шу пайтгача "Йўқ, бу муаммони ҳал этолмаймиз, бунинг учун мана бундай сабаблар бор", деган таҳлилни эшитмадим.

Айтиш керакки, мулоқот бўлиб ўтишидан бир ҳафта олдин бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида эълон бериляпти, телефон рақамлари айтилиб, саволни олдиндан йўллаш имконияти берилмоқда. Эҳтимол, кўрсатув тартибини савол йўлловчилар учун янаям соддалаштириш лозимдир. Мисол учун, ўрганиш, вақт талаб этадиган саволлар олдиндан берилиб, унинг жавоби ўрганилгач, жонли мулоқот давомида аниқ айтилса, мақсадга мувофиқ бўларди, назаримда.

Бу масалада андаза олишга арзирли мисол ҳам бор: вилоят ҳокимининг тадбиркорлар билан юзма-юз учрашуви худди шу тахлит ўтказилмоқда.

Ёки битта туман, шаҳар ҳамда тегишли бошқарма раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтгандан сўнг бир ҳафта ўтгач, телевидение орқали яна бир карра ўша ҳудуд билан боғлиқ кўрсатув тайёрланса-ю, саволларга берилган жавоблар ижобий ечим топдими, йўқми, шу масалага аниқлик киритилса. Шундагина "Очиқ мулоқот" кўзланган мақсадга эришади. Ахир асосий мақсад – раҳбарни аҳоли билан юзлаштиришгина эмас, масалага оқилона ечим топиш, уни ҳал этишда ҳокимнинг ёки бошқа раҳбарларнинг функциясини кези келганда тушунтириб ўтиш ҳамдир.

Ваҳоланки, тушаётган саволлар бўйича вилоятда таҳлил олиб борилади, муаммолар ечими эътиборга олиняпти. Аммо туман ҳокими бу масалани ўз ҳудудида таҳлил қилаяптими, ҳудуд раҳбарлари билан мулоқотдаги масалалар муҳокама қилиняптими? Эҳтимол, туман миқёсида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ўз вақтида айтиб борилса, кўп саволларга ҳожат ҳам қолмасмиди. Масалан, қаерда мактаб, боғча қурилади, қандай корхона ташкил этилади каби маълумотлар шаффоф тарзда туман газетасида, ижтимоий тармоқларда бериб борилиши лозим.

Дарвоқе, шу ўринда, "Очиқ мулоқот" давомида кузатганимиз, яна бир масалага эътибор қаратсак. Баъзида томошабинлардан тушаётган саволлардан ва ҳатто унинг жавобидан ҳам раҳбарнинг хабардорлиги билинади. Бундай мурожаатчилар баъзи масалаларда ноҳақлигини ўша ерда ўтирганларнинг кўпчилиги билади. Аммо бу ҳақда ҳеч нарса дейилмайди. "Бу масала ўрганилган, ечими ҳақида маълумот берамиз", дейилади, холос. Эҳтимол, раҳбарлар ойнаи жаҳон орқали ўз тумани аҳлини изза қилишни истамас. Аммо баъзи мурожаатчиларнинг ноҳақ эканлигини айтиб, изоҳлаб ўтиш келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради.

 

Гулруҳ МЎМИНОВА.