Бакалавриат бўйича 3 йиллик таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади

“Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси ташкил этилади.

Лойиҳа офиси 2024 йилда қуйидагиларни амалга оширади, жумладан:
➖педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини таҳлил қилиш;
➖профессионал таълимдан сўнг олий таълимни давом эттириш имкониятларини янада кенгайтириш, 3 йиллик таълим дастурлари асосида амалий бакалавриат бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;
➖таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

2024 йил 1 сентябргача ўқувчилар (талабалар)нинг эгаллаган билимини ва педагогларнинг малакаларини баҳолаш тизими халқаро тажрибалар асосида такомиллаштирилади.

2024–2025 йилларда:
🔹Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификатори – Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига, таълим дастурлари эса – янгиланган касбий стандартлар ва малака талабларига мослаштирилади;

🔹камида 14 та профессионал таълим муассасаларининг фаолиятига тажриба-синов тариқасида халқаро таълим дастурлари, камида 10 та олий таълим муассасаси фаолиятига – замонавий бошқарув усуллари ва таълим сифатининг юқори стандартлари жорий қилинади;

🔹педагогика, қишлоқ ва сув хўжалиги, техника, ахборот технологиялари ҳамда иқтисодиёт соҳасига оид таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан ўтказилиши таъминланади.