Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бахтли шаҳарлар қандай бунёд бўлади?

Матбуот, радио, телевидение неча ўн йиллардан бери экологик муаммо ҳақида танимай бонг уради - савол қўяди:

- нега шаҳар-у қишлоқларимиз, кўчаларимиз ифлос?

- нега ариқ ва зовурлар, дарё ва каналларга чиқинди ташлаяпмиз?

- нега хонадонлардан чиқаётган оқова сувлар ариқ, канал, дарёларга тўғрилаб қўйилган?

- нега юз йиллик чинорларни ўйламай-нетмай кесиб юбормоқдамиз?..

 Айтишларича, Тошкент ҳавоси булғанган шаҳарлар ичида етакчи ўринларда турар эмиш. Қуриган орол ўрнидан ҳар йил кўтарилаётган юз минг тонна чанг-тўзон ҳам бугун ер юзининг энг чекка нуқталаригача бориб етди.

   Очиғи, табиатга эҳтиёткорона муносабат масаласини кўтаришда “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатуви катта ташаббус кўрсатяпти. Муҳими, бу муаммони долзарб ижтимоий-сиёсий масала даражасига кўтариб, омманинг диққатини жалб эта олди. Ҳозир бу ҳақда кўпчилик гапирмоқда, ўйламоқда, фикр алмашмоқда. Кўпинча ўзаро суҳбатларнинг мавзуси шаҳар ва қишлоқларимизни, ариқ, анҳор, дарёларимизни тоза, чиройли, обод қилиш бўлиб қолди. Фикримизча, халқнинг, кўпчиликнинг жонкуярлиги, муаммога ечим топишга уриниши натижасиз қолмайди.

  Мен яқинда Туркия давлатида кўп йил ишлаган бир танишим билан шу мавзуда суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича, Туркия шаҳарлари тоза-озода, обод. Бунинг сабаби уларда уй-жойларга эгалик тизимининг бошқачалиги экан. Аниқроғи, Туркияда кўп қаватли биноларнинг аксарияти битта тадбиркор томонидан сотиб олинган. Тадбиркор ўз уйига келтирадиган фойдани ошириш учун уйнинг ташқи кўринишидан бошлаб, зинапоялар-у эшик, ҳовли, теварак-атрофни обод қилишга ҳаракат қилар экан. Бутун шаҳар ана шундай йирик тадбиркорлар томонидан бўлиб олинган, улардан ҳар бири ўзига тегишли мавзе, даҳа, кўп қаватли уй атрофлари, кўчалар -  қўйингки, бутун шаҳарларини обод қилишга ҳаракат қилишади.   

- Туркияда одамлар кўчага чиқинди ташлашадими, - деб сўрайман суҳбатдошимдан.

- Ташлашади, лекин тадбиркорлар ҳамма ерга фаррошлар белгилаб қўйишган. Тез-тез тозалаб туришади. Очиғи, тоза-озода, гўзал жойга чиқинди ташлашга ийманасан киши. Ўзимизда тоғдек “ястаниб” турган чиқинди устига “Яна бироз ташласак ташлабмизда”, деб қўлидаги чиқинди пакетни улоқтириб кетаверишади.

- Демак кўп қаватли уйлар тадбиркорлар қўлига ўтса, бизда ҳам обод, бахтли шаҳарлар пайдо бўлар эканда-а?

 - Бўлмасам-чи, бунга шубҳа қилмасак ҳам бўлади.

 Мен ўша суҳбатдан кейин бир нарса ҳақида кўп ўйлайман: Туркия, Сингапур, Германия, Англия кўчаларининг тоза-озодалигини мақтаймиз, ҳавас қиламиз-у бунга улар қандай эришганлари ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.

Хўш, бизда ҳам Туркия ёки Германия мамлакатлари қонунчилигини жорий қилишга нима халақит беради? Наҳотки, Қонунчилик палатасидаги депутатларимиз, эколог олимларимиз бу ҳақда ўйлаб кўрмаган?

Менимча, бизнинг, айниқса, ўрта ва кекса авлоднинг дунёқараши коммунистик мафкурадан бутунлай озод бўлгани йўқ. Бир хилликни, тенгчиликни ҳали ижтимоий адолат мезони деб ҳисобловчилар орамизда кўп. Баъзиларнинг фикрича, уй-жойларнинг тадбиркорлик объектига айлантирилиши уй-жой эгалари томонидан халқни эзишга сабаб бўлар эмиш!? (Бир пайтлар Карл Маркс худди шундай ғояларни кўтариб чиқиб, оламни бузган эди). Бундайлар тадбиркорларнинг улар ҳисобидан бойишини асло ҳазм қила олмайдилар. Афсуски, бундай фикрлайдиганлар оз эмас. Шунинг учун ҳам бизда шаҳарларда чиқиндилар ташлангани, айрим жойларда тўпланиб қолаётганини кўриб, “Бизда одамларнинг экологик маданияти паст-да”, деймиз...

Абдураҳим Маманов,

СамДУ тадқиқотчиси.