Байден ўз ваколатларини қайта кўриб чиқади

АҚШ президент Жо Байден чет элда ҳарбий куч ишлатишда давлат раҳбари ваколатларини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жэн Псаки маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Байден ҳарбий куч ишлатиш ваколатлари 20 йилдан буён мавжуд ва аллақачон эскирган, уларни янгилаш зарурлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Байден маъмурияти ушбу соҳада президент ваколатлари учун аниқ чегараларни муҳокама қилишга тайёр.

Шу билан бирга, Псаки Байден буйруғи билан Сурияда берилган сўнгги зарбалар Америка қонунчилиги нуқтаи назаридан қонуний равишда амалга оширилган деб ҳисоблайди.

Аввалроқ америкалик сенаторлар АҚШ президентининг ҳарбий куч ишлатишда ваколатларини чеклашга қарор қилишгани ҳақида хабар берилган эди. Демократ Тим Кейн ва республикачи Тодд Янг тегишли қонун лойиҳаси муаллифлари бўлишди. Қонунчиликнинг ўзгаришига АҚШ ҳарбийлари АҚШ президенти Жо Байденнинг буйруғи билан амалга оширилган Сурияга қилинган ҳаво ҳужумлари туртки бўлди.