Байрам кунлари светингиз ўчмайди

Шу йил 16 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

- Шу пайтгача вилоятимизга етказиб берилаётган электр энергиясининг кунлик режаси 15500,0 минг кВт/соатни ташкил қилар эди. Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишдан сўнг вилоятимизга электр энергиясининг кунлик режаси 19500,0 минг кВт/соатга кўпайтирилди, - дейди “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори Ғанишер Маматқулов. – Шундан келиб чиқиб, филиалимизда зарур режалар белгилаб олинди. Аввало, туман ва шаҳарлардаги электр таъминоти энг оғир бўлган маҳаллалар ўрганилди ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу чора-тадбирлар асосида 8 та нимстанция, 77 та трансформатор пункти ва 42,3 километр узунликдаги юқори кучланишли ҳамда 106,6 километр узунликда паст кучланишли электр узатиш тармоқларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Истеъмолчиларни узлуксиз электр билан таъминлаш мақсадида жойларда 25 та тармоқ трансформаторлари, 16,5 тонна трансформатор мойи, 4,5 километр турли ўлчамдаги сим, 6,2 километр кабель маҳсулотлари ҳамда 250 дона кабель муфталаридан иборат захира яратилди.

Бундан ташқари, қуввати 35-110 кВ бўлган нимстанцияларда 8 та янги куч трансформаторлари катта қувватлисига алмаштирилди ва реконструкция қилинди. Натижада 75,6 мегаватт қўшимча қувват захираси яратилиб, 293 маҳаллада 127,1 минг аҳоли истеъмолчиларининг электр энергияси сифати оширилди.

Бугунги кунда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлари марказларига “Янги йил арчаси” ўрнатилган. Аҳолига яхши кайфият улашиш мақсадида ташкил этилган бу жойларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш ва электр энергияси билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2020 йил 25 декабрдан 2021 йил 5 январига қадар навбатчилик ташкил этилди.

Шуни ҳам билиб қўйиш лозимки, вилоятимиз истеъмолчиларига электр энергияси Навоий, Сирдарё ва Толлимаржон иссиқлик электр станцияларидан ҳудудлардаги 138 та юқори кучланишга эга нимстанциялар ва 10585 та паст кучланишли трансформатор пунктлари орқали етказилади. Айрим жойларда электр энергиясида бўлаётган узилишларга сабаб вилоятимиздаги электр ускуналарнинг 41,4 фоизи маънан ва жисмонан эскирганида. Булар электр узатиш тармоқлари, трансформатор пунктлари, юқори кучланишга эга нимстанциялар бўлиб, улардан 40-42 йилдан буён фойдаланиб келинмоқда. Лекин аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш ва куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида вилоят бўйича 24 та авариявий чиқиш машиналари билан таъминланган тезкор чиқувчи бригадаси ташкил қилганмиз. Улар мунтазам ишлаб турибди. Шунингдек, вилоят бўйича 76 та эксплуатацион таъмирловчи бригада ташкил этилган.

Аҳолига шуни маълум қилмоқчиманки, байрам кунлари, умуман, қиш мавсумида светингиз ўчмайди. Бунинг учун ходимларимиз доим хизматга шай. Сиз ҳам нимстанцияларнинг ортиқча кучланишига йўл қўймаслик учун электр энергиясини тежасангиз айни муддао бўлади.

Акрам БЎРИЕВ ёзиб олди.