Байрамга муносиб туҳфа


Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 30 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари учун уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги Қарорига кўра бунёд этилган мазкур уйлар ҳарбийларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида берилди. 
Янги хонадон калитларини ўз эгаларига топшириш маросимида вилоят ҳокими Т.Жўраев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А.Саидов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, янги хонадон эгаларини табриклади.
– Турмуш ўртоғим ҳарбий бўлганлиги учун 13 йилдан бери юртимизнинг турли ҳудудларида яшадик, – дейди Ф.Назарова. – Албатта, қаерда бўлсак ҳам давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Лекин ўз уйимиз йўқ эди. Бугун Самарқанд шаҳрида барча қулайликларга эга, замонавий уй берилганидан хурсандмиз.
Янги уйлар олдида болалар спорт майдончаси, дам олиш масканлари, автомобиллар тўхташ жойлари ташкил этилган.
– 16 йилдан буён Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қиламан, – дейди Пайариқ тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи С.Холбеков. – Фаолиятим давомида давлатимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб келяпман. Бугун имтиёзли тарзда уч хонали замонавий квартирага эга бўлганим ҳам оилам ҳаётидаги унутилмас воқеа бўлди. Албатта, бу ғамхўрликка жавобан Ватанимизга садоқат билан хизмат қиламан.
Вилоят ҳокими ҳамда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони янги хонадонларнинг илк меҳмони бўлиб, яратилган шароитлар билан танишди.

Ўз мухбиримиз

***
А.ИСРОИЛОВ олган сурат.