Байрамолди мусоҳабаси: Гўзаллик мукаммалликда
Ҳамма биладиган, тан оладиган, ажабланмайдиган бир ҳақиқат бор. Бу аёлнинг эркакларга нисбатан куйинчак, дарёфеъл, меҳнатга ўч ва сабрли қилиб яратилганлигидир. Табиийки, аёлнинг орзулари бепоён, ҳаяжони бир жаҳон, армони улкан. Кўзга ташланиб ташланмаган минг бир фазилатнинг соҳибаси у. Бир файласуф “Мукаммаллик - гўзалликдадир”, деганида аёлни кўзда тутган бўлса ажабмас.
Хўш, ҳусн ва латофати, зеҳну фаросати, оналик меҳри, пазандалик, санъаткорлик, чеварлик хислатлари мужассам аёлни мукаммал, деб ҳисоблаш мумкинми? Бу ҳақда уларнинг ўзлари қандай фикрда? Шу мақсадда аёлларга мурожаат қилдик.
Муҳиба ҲАҚИМОВА, 3-туғруқ мажмуаси олий тоифали гинекологи:
- Аввало, соғлом ва жисмонан бақувват, жамиятимизнинг ҳар жабҳасида фаол ва ўз олдига қўйган эзгу нияти томон интилган ва мақсадига эришган аёлни мукаммалдир.
Ахлоқли, одобли, хушмуомалали, эрига вафодор, пазандачилик, чеварлик санъатини пухта ўзлаштирган, тиббий маданиятдан бохабар аёлни мукаммал, дейиш мумкин. Ўзига ярашиқли, дид билан кийиниш, юриш туриши, сўзлаш маданиятига эга бўлган фазилат ҳам мукаммалликдан дарак беради.
Мадинахон БОЛТАЕВА, модельер тикувчи, тадбиркор:
- Мукаммал аёл энг аввало, бирор ҳунарнинг эгаси бўлиши, ишида ташаббукор, оилада ота-она, қайнона-қайнота, ака-ука, қавму-қариндош, қўни-қўшни ҳамда дўстлар олдидаги бурчларини бажариши лозим. Бундан ташқари, у замондан орқада қолмаслик учун газета-журналлар, бадиий китоблар ўқиб, бироз бўлса-да, ижод билан шуғуланиши ҳам керак. Ижод фақат ёзиш эмас, тикиш, расм солиш, қўшиқ куйлаш ёки яхши куй тинглаш, умуман, ўзининг кўнглига яқин, қўлидан келадиган иш бўлиши лозим. Инсонларга ўзининг эзгу ишлари билан нафи тегиши ўзидан, қилган ишларидан кўнгли тўлиб яшаши ҳам мукаммаллик.
Фируза БАРОТОВА, уй бекаси:
- Биз оддий деб ўйлаган аёл ҳам мукаммал бўлиши мумкин. Баъзилар фақат олий маълумотли, қайсидир идорада юқори лавозимда ишловчи ёки таниқли шоир, санъаткор аёлларгина ҳавас қилишга лойиқ, деб ўйлашади. Уйнинг яхши бекаси, фарзандларининг севимли онаси, сабр-қаноатли, ҳар қандай қийинчиликларни енга оладиган аёлни мукаммал аёл дейиш керак.
Шунингдек техник воситалар, айниқса, компьютерда иш олиб борадиган аёл ҳар жиҳатдан билимдон, қизиқувчан, жамиятимизни оқилона бошқара оладиган болалар тарбиялай олади.
Нилуфар УЗОКОВА, Самарқанд шаҳридаги Ғофур Ғулом МФЙ мутахассиси:
- Мадомики, аёлнинг мукаммаллиги ҳақида гап кетар экан, у аввало, уйида тўлақонли бека бўлишга интилсин. Ишдан чарчаб келган эрини очиқ юз, табассум билан қарши олсин. Уйига ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда ўз яқинлари билан яхши муомалада бўлиб, уларга илтифот кўрсатиш бу маданиятлилик белгиси. Маҳалламизда икки ярим мингтадан зиёд хотин-қиз яшайди. Улар ичида мен таърифлагандек мукаммал аёллар анчагина. Шунинг учун ҳам маҳалламизнинг гўзал аёллари аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар очиб, ўзларининг ҳалол меҳнати билан обрў топмоқда.
Олимжон ҒОФУРОВ ёзиб олди.