Беҳбудийнинг армони

Ҳар қандай миллатнинг бугуни ва истиқболини унинг ўтмишидан, тарихидан айри тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис ўтган аср аввалида миллатнинг маърифатпарвар сиймолари, хусусан, Туркистон жадидларининг раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий тарихни ўрганиш, ундан сабоқ олиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. “Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайдургонларни қул – марқуқ дерлар”, деб ёзган эди Беҳбудий мақолаларидан бирида.

“Ойна” журналининг 1914 йил 38-сонида Беҳбудийнинг “Туркистон тарихи керак” деган мақоласи эълон қилинади. Унда қуйидагиларни ўқиймиз: “Тарих кўп аҳамиятли ва фойдали бир нарсадур. Тарихнинг фойдаларидан баъзиси ушбудурки, бир миллатнинг на тариқада, қайси йўл ила тараққий этганин ўқиб, ибрат олмоқ ёки миллатнинг не сабаблардан таназзул этиб, охири мунқариз бўлуб кетганин ўқуб, мундан ҳам истифода этмак мумкиндур”.

Беҳбудийнинг тарихни ўрганиш аҳамияти ҳақидаги бу хулосаси ҳазрат Навоийнинг қуйидаги ўгитларини эсга солади:

Ва гар тарих сори айлагунг майл,

Муни билгачки, не иш қилди ҳар хайл.

Не ишдин мамлакат обод бўлди,

Қаю ишдин улус барбод бўлди.

Демак, Навоийдан Беҳбудийгача ўтган қарийб тўрт юз йилдан зиёд вақт мобайнида ҳам тарихни ўрганиш, ундан сабоқ олишнинг аҳамияти тўғрисидаги қарашлар моҳиятан ўзгармаган. Ҳар икки мутафаккир бугунги замон кишиларига тарихни қайси мезонлар асосида ўрганиш юзасидан аниқ ва замонлар ўтса ҳам эскирмайдиган тавсияларни беряпти.

Хўш, ҳозир-чи? Айни кезда бу борада мезон ўзгарганми? Бугун тарихга, аждодлар кечмишини ўрганишга бўлган эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, ҳаққоний тарихимизни тиклаш масаласи билан бевосита мамлакат раҳбарининг ўзи қизиқаётгани Ватан ва миллат тараққийси йўлида тарихдан фойдаланишга бўлган интилиш натижаси сифатида баҳоланмоғи керак.

“Туркистон тарихи керак” мақоласида Беҳбудий мана бундай ёзган эди: “...бизнинг ўз шевамизда Туркистонда ўтган боболаримизнинг маиший, сиёсий аҳволиға доир “Туркистон тарихи” бор бўлгонда, они кўз олдимизда қўйуб, бурунғи қаҳрамон боболаримизнинг на йўл ила тараққий ва маданият давриға кируб ва нима сабабдан охири мунқариз бўлуб кетганларини ўқуб, билуб, хейли ибрат олар эдук. Ўшандоқ ҳозирги ҳолимизни боболаримиз давридаги ҳолларға бир даража муқояса этмак ила баробар ўз-ўзимиздан бир инфиоли даруний (ички ҳаяжон) ҳис эдуб, юзларимиз қизарар эди. Ҳоло, биз туркистонийлар марҳум боболаримиз аҳволи ҳам Туркистон воқеоти тарихиясидан бутун ғофил ва бехабардурмиз”.

Маълумки, Беҳбудийга қадар жуда кўп тарихий асарлар битилган. Кўплаб муаррихлар Туркистон тарихининг энг қадимги давридан то ўз замонларигача бўлган воқеаларни хронологик тарзда ёзиб қолдирганлар. Хўш, унда Беҳбудий нима сабабдан Туркистон тарихи яратилмаган, деган фикрни илгари сурмоқда?

Алломанинг ўзи бунга қуйидагича изоҳ беради: “Чунки ҳануз Туркистон тарихи ҳақинда янги тадқиқот ила ёзилган, тартибли ва истифодали мукаммал бир асар вужудға келгани йўқ. Тўғриси, мундай тарих ёзувчи киши турк ўғлонларидан ҳануз майдонга чиқғони йўқки, бу эса турк болаларининг нохалаф бўлуб, чин ўғул эмасликлариға далилдур. Бу сўзлардан тарихсизлигимиз англашилмасун. Бизнинг тарихимиз бор!”

Демак, Беҳбудий замон талаблари даражасида, “янги тадқиқот ила ёзилгон”, мукаммал “Туркистон тарихи”ни орзу қилмоқда. Унинг фикрича, руслар ва бошқа оврупойилар фойдаланаётган Туркистон тарихига бағишлаб бурунги асрларда ёзилган туркий, форсий ва арабий тиллардаги китоблар “мухталиф тилларда ёзилган”. Яъни, уларда бир ҳодиса турлича талқин этилган, бир-бирига зид, қарама-қарши фикрлар кўп. Беҳбудий ана шу фарқли жиҳатлар тадқиқ этилган мукаммал тарихни яратиш заруратини кун тартибига қўймоқда.

Бу жуда долзарб муаммо эди. Бинобарин, Беҳбудийнинг фикрича, ҳаққоний тарихдан хабардор бўлмасдан туриб, ҳеч бир миллат ўз аҳволини таҳқиқ эта олмайди. Ўз тарихидан ғофил ва бехабар миллат эса тараққиётдан ортда қолиши аниқ.

Афсуски, Беҳбудийнинг бу орзуси амалга ошмади, армон бўлиб қолди. Миллатнинг фидойи фарзандлари қатори алломанинг ўзини-да маҳв этган тоталитар тузум миллатни тарихидан, аждодлари кечмишидан имкон қадар узоқлаштириш сиёсатини олиб борди. Шунинг учун ҳам бугунги мустақиллик даврида тарихни ўрганиш, ундан сабоқ олиш масаласи яна кун тартибига қўйилди.

Жамоатчиликка аёнки, тарихчиларимиз уч жилддан иборат “Ўзбекистоннинг янги тарихи”ни ёзиб нашр эттирган. Бу катта ютуқ экани шубҳасиз. Лекин бу ўз номи билан янги тарих. Миллатимизнинг энг қадимги замондан ХХI асргача бўлган кечмиши бўйича ҳам аниқ илмий концепцияга асосланган кўпжилдли тарихи яратилиши галдаги вазифалардандир. Бинобарин, миллатнинг ҳар бир фарзанди унинг ҳаққоний тарихини англаши, ўтмиш воқелигидан ибрат ола билиши зарур. Шундагина улар воқеликка теран нигоҳ билан қарашни ўрганади. Фақат шу ҳолдагина Ватан ва Миллат шаънини муносиб ҳимоя қила оладиган авлод етишиб чиқмоғи мумкин.

Нурбой Жабборов,
филология фанлари доктори, профессор.