Беларусь - Литва: чегара можароси давом этяпти
Литва ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, қуролланган 12 Беларусь аскари Европа Иттифоқи ва НАТО чегарасини қисқа вақт ичида кесиб ўтиб, 35 муҳожирдан иборат гуруҳни Литва ҳудудига мажбуран олиб кирган.
Кеча, 17 август куни кечқурун вазирлик Вильнюс жанубидаги Шальчининкай ҳудудида муҳожирлар билан бўлган тўқнашув пайтида тасвирга олинган деб даъво қилган видеони тақдим этди.
Литва Ташқи ишлар вазирлиги Беларусга 12 нафар чегарачи Литва чегарасини кесиб ўтгани муносабати билан Минскка норозилик нотасини топширди.
"Биз Беларусга бу воқеа қайд этилгани ҳақида хабар бердик, бу жуда хавотирга солади. Чунки биз буни яна бир провокация, мавжуд кескин вазиятда ҳароратнинг кўтарилиши, деб биламиз. Ҳатто провокация деб баҳоланиши мумкин бўлган ҳодисалардан тийилишга чақирамиз, ҳақиқий провокациялар ҳақида айтмаса ҳам бўлади", деди Литва ТИВ раҳбари Габриэлус Ландсбергис, унинг сўзларини Sputnik Литва агентлиги хабар қилди.
Видео беларуслар Литва ҳудудига кирганини, чегара эса уларнинг орқасида эканлигини исботлаб турибди. Вильнюснинг таъкидлашича, бу "қабул қилиб бўлмас очиқдан-очиқ провокация" ва чегарага қўшимча кучлар юборилади.
Аввалроқ, Беларусь чегарачилари, афтидан, худди шундай вазиятни акс эттирувчи ўз видеосини намойиш қилишган. Улар Литва чегарачиларини одамларни, жумладан болалар ва ҳомиладор аёлларни шафқатсизларча сиқиб чиқараётганини айтиб, муҳожирларга ёмон муомала қилишда айбламоқда. Лекин, уларга Беларусь ҳарбийлари ҳамроҳлик қилгани айтилмаган.
Июнь ойидан бери 4 мингдан ортиқ муҳожир чегарани кесиб ўтганидан сўнг, Литва чегарачилари 2 августдан бошлаб позицияни қаттиқроқ эгаллаши натижасида оқим камайди. Жума куни Литва ички ишлар вазирлиги вазият "барқарорлашганини" маълум қилди.
Ўтган дам олиш кунлари Латвия чегарачилари худди шундай видеони жойлаштиришди. Унда ҳарбий кийимдаги Беларусь офицерлари муҳожирларни чегарага олиб келишгани тасвирланган.
Германия канцлери Ангела Меркель Беларусь томонидаги "гибрид агрессия" деб атаган воқеани қоралади ва чегарада муҳожирлардан бундай фойдаланиш бутун Европа Иттифоқига ҳужум эканлигини айтди.
Гулнора Холдорова тайёрлади.