Бешкапа-2 маҳалласи табиий газдан суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган

15 август куни Zarnews.uz телеграм каналида Ургут тумани “Бешкапа-2” маҳалласида яшовчи Миржалол Қосимовнинг “Маҳалламиздаги газ қувурлари кесиб кетиляпти” сарлавҳали мурожаати чоп этилди. Мурожаатда бир неча йиллар илгари ҳудудда табиий газ бўлганлиги, бугунга келиб бўш қолган газ қувурлари кесилиб, айримларнинг  эҳтиёжи учун ишлатилаётганлиги баён қилинган.

Мазкур мурожаат юзасидан “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали қуйидагилар маълум қилади:

Ўрганишлар давомида газ қувурлари газ таъминоти корхонаси балансида турганлиги, ноқулай об-ҳаво шароитида газ қувурни тутиб турувчи илгичлардан чиқиб осилиб қолганлиги боис йўлнинг қатнов қисмига халақит бераётганлиги учун маҳалла раиси ва оқсоқоллар келишиб (халақит берган қисмини), кесган ҳолда маҳалладаги фуқаро Зайниддин Бозоров хонадонига эҳтиётлаб қўйилгани аниқланди.

Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан аҳоли ва кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ билан таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, газ етиб бормайдиган ёки газ етказиб беришнинг техник имконияти бўлмайдиган маҳаллаларни суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, Президентимизнинг 2015 йил 7 июлдаги ПҚ-2367-сонли ва вилоят ҳокимининг 2015 йил 10 августдаги 174-Қ-сонли қарорларига мувофиқ, вилоятдаги 815 та маҳаллада яшовчи 487 000 дан ортиқ хонадон, хусусан, Ургут тумани “Бешкапа-2” маҳалласи ҳам табиий газдан суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган.

Ҳозирда суюлтирилган газ белгиланган режа-графикка асосан ўз вақтида етказиб берилмоқда.

“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.