Бешкондаги 600 ўринли мактаб нега 330 ўринли бўлиб қолган?
Бири бор экан, бири йўқ экан... Яқин ўтган замонда, яъни 2005 йилда Ургут туманининг Бешкон маҳалласида 44-умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси қурилиб фойдаланишга топширилган экан. Орадан 15 йилга яқин вақт ўтибдики, бу замонавий мактаб маҳалла аҳли фарзандларига хизмат қилиб келмоқда. Мактабнинг эски биноси ҳақида гап кетса, ёш авлод эртак, деб ўйлаши табиий. Сабаби у ёғочдан қурилган қадимий бино бўлган экан.
Кунларнинг бирида шу хусусида гаплар қулоғимизга чалиниб, мактабнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида бир мақола тайёрлаш истагида ижодий гуруҳимиз билан Бешкон томон йўл олдик.
Мазкур таълим муассасаси биносига кираверишда мактаб паспортига кўзимиз тушди: “Умумий қуввати 600, контингенти 565 ўқувчи, таълим икки навбатда олиб борилади”. Мактабда кичик бўлса-да кутубхона, информатика хонаси, каттагина спорт зали бор экан. Аммо ошхонаси, фаоллар зали йўқ экан. Физика, биология, кимё лаборатория хоналари бор экану асбоб-ускуналардан фойдаланишнинг иложи йўқ экан. Биз мактабга борган пайтда директор ўринбосарлари бору директор йўқ экан. Шунинг учун бизга маълумотларни директор ўринбосарлари берди.
- Аслида мактабимиз 330 нафар ўқувчи ўрнига эга, - дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Маҳмуд Сулаймонов. – Айни пайтда 719 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мантиқан ўйлаб қарайдиган бўлсак, ўқувчиларимиз икки навбатда ўқиганда ҳам синфхоналаримизга сиғмайди. Биз эса кутубхонани кичикроқ хонага кўчириш ҳисобига, шунингдек, физика, кимё ва биология лаборатория хоналаридан синфхона сифатида фойдаланиб ўқувчилар учун имконият яратиб берганмиз. Ҳаммаси бўлиб 14 та синфхона бор. Биринчи навбатда барча хоналарда дарс ўтилади, иккинчи навбатда эса 12 та хонадан фойдаланамиз. Куннинг иккинчи ярмида бор-йўғи 2 та хона тўгараклар учун хизмат қилади.
Мактаб учун зарур бўлган 6 та қозондан 4 таси бор, иккитаси йўқ экан. Биз мактабга борган куни ўша 4 та қозон ҳам ишламай турган экан. Шунинг учун ҳам айрим синфхоналардаги дарс жараёнларида ўқувчилар қишки кийимларда ўтираркан.
- Бугун кун илиқроқ бўлганлиги учун қозонларимизга ўт ёқмагандик, - дейди мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Саидқул Алпонов. – Иккинчи сабаб - келтирилаётган кўмирнинг сифатсизлиги. Яъни, аксарият қисми кукундан иборат, совуқ кунларга сақлаб туриш учун иқтисод қиляпмиз. Қолаверса, айрим синфхоналаримизни иссиқлик билан таъминлашнинг имкони йўқ. Чунки мактабимизда 6 та қозон бўлиши керак. Бугунги кунгача иккита қозон келтирилмаган.
Бу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида туман халқ таълими бўлими мутасаддилари билан телефон орқали боғландик.
- Ҳақиқатдан ҳам ҳужжатларда мактаб 600 ўринли, деб ёзилган, - дейди бўлим бош муҳандиси Акмал Хурсандов. – Бу мактаб биноси махсус лаборатория ва информатика хоналаридан бошқа дарсларни ўтишда фойдаланилмаса, 600 нафар ўқувчини ўз бағрига сиғдириши қийин. Аслида эса бу мумкин эмас. 2020-2022 йилларда Ургут туманида 4 та мактаб реконструкция қилиниши режалаштирилган. Биз ишчи гуруҳ тузиб, бу мактаб фаолиятини яна бир бор ўрганамиз. Мактабнинг иссиқлик тизими масаласида гапирадиган бўлсак, ўтган йили 4 та замонавий қозон ўрнатилди. Айрим хоналар ва спорт зални иситиш учун 2 та қозон зарур. Янги ўқув йили олдидан қозонхона муаммоси бартараф этилади.
Бешконлик ўқувчиларнинг ҳам, уларга таълим бераётган ўқитувчиларнинг ҳам орзулари бисёр экан. Жумладан, кенг ва ёруғ синфхоналарда дарс ўтиш, чанг босиб ётган лаборатория асбоб-ускуналаридан эмин-эркин фойдаланиш, дарсдан кейин, фақат қоғозларда қолиб кетаётган ўнлаб тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишни истайдилар. Ўйлаймизки, кейинги мақоламиз Бешкон маҳалласидаги 44-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳам, ўқитувчилари ҳам мурод-мақсадига етибди, деб тугалланади.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
"Зарафшон" мухбири.