Билим даражаси: Уни ўлчаш мезони нима?
Олам илмдан иборат. Дунёвий ёки диний илм ҳам илмдир. Бу чеки йўқ илмдан биз ўрганган қисми билимдир. Ўта билимдон кишининг ҳам билими денгиздан бир томчидир. Фаросат эгалари кўп ўқиган сари ҳали кўп нарсани билмасликларини англайдилар. Бироқ билим бир қанча йўналишларга бўлиниб кетгандан кейин унинг ўлчови нима, деган савол кўндаланг бўлмоқда. Чунки диний ва дунёвий билимни билиш даражаси турли мезонлар билан ўлчанади. Аслида бундай бўлмаслиги керак.
Аслида бизда билим ўлчовлари бор. Мактабни битирганлар умумий ўрта маълумотли киши, техникум ва коллеж дипломини олганлар ўрта-махсус маълумотли мутахассислардир. Олий ўқув юртининг дипломини қўлга киритса, ўқиган йўналишлари бўйича олий маълумотли мутахассис ҳисобланади. Илмий тадқиқот билан шуғулланиб, диссертация ёқлайдиган бўлса, фан номзоди (ҳозир PhD) ва фан доктори (ҳозир DSc) илмий даражаларига эга шахсга айланади. Фан номзоди ёки фан доктори дегани ҳали олим бўлди, дегани эмас. Улар олим бўлиш учун имконият ва маънавий ҳуқуқни қўлга киритганлар.
Бир танишим КПСС тарихидан докторлик диссертациясини ёқлаган ва дипломини олган кунларида СССР парчаланиб, КПСС барҳам топди. Шу билан бу иш ўз долзарблиги ва моҳиятини йўқотди. Ҳали унча вақт ўтмасдан, унинг айтган гапи: «Менинг докторлигим ўша даражани олган кунимдаёқ эскириб бўлганди», деган эди. Яна бир иқтисодчи биродаримиз «Ҳудудларда ишлаб чиқаришни режалаштиришнинг назарий ва методологик муаммолари» мавзусидаги докторлик диссертациясини аъло даражада ёқлаган эди. Режали иқтисодиёт барҳам топиши билан бу ҳам ўз моҳиятини йўқотди.
Ўзимнинг докторлик ишим «Матлубот кооперациясида самарадорликни ошириш имкониятларини баҳолаш ва таҳлил қилиш муаммолари»га (СССР мисолида) бағишланган эди. Бу давлат парчаланиб кетди ва иш ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Сўнгра ушбу мавзуни Ўзбекистон иқтисодиётига мослаштириб, мамлакатимизда матлубот кооперацияси тизимини тараққий эттиришга бағишладим. Ҳимоя қилиш пайти келганда, мамлакатимизда матлубот кооперацияси фаолияти тугатилди. Иккинчи ишим ҳам бекор бўлди. Агар ёқлаганимда, ўша пайтлардаёқ ушбу соҳада фан доктори бўлар эдим. Лекин ўша «илм»нинг ҳеч кимга нафи тегмасди.
Кўриниб турибдики, бугунги ўрганган нарсалар маълум вақт ўтгач, айримлари бир неча йил ичида эскиради. Шу туфайли инсон ўз билимларини мунтазам равишда ошириб бормаса, у қайси касб эгаси эканлигидан ёки қайси соҳага мансублигидан қатъи назар, тараққиётдан ортда қолади ва ҳақиқий билимдон бўла олмайди. Мос равишда, у фан доктори бўлса ҳам, олимликни ҳам даъво қила олмайди.
Бироқ диплом олгач, айримлар «Бўлди, энди мен ҳамма нарсани биламан ва оқилона қарорлар қабул қила оламан», деган фикрда юради. Аслида диплом кишининг муайян даражада билим олганлигидан далолат ёки билим олишда давом этишлигига рухсат берилганлигини англатади. Олий маълумотли киши ўрта маълумотли кишига нисбатан бўлаётган ҳодиса ва жараёнларни кенгроқ тушунади, олий маълумотли кишига нисбатан илмий тадқиқот олиб борган бирорта фан соҳаси бўйича фалсафа докторининг (PhD) шу жараёнларни англаш даражаси юқорироқ бўлади. Янада чуқурроқ илмий тадқиқотлар билан шуғулланган фан доктори (DSc) ҳаммасига нисбатан янада чуқурроқ тасаввур қилади ва янада чуқурроқ хулосаларни чиқаришга қодир бўлади. Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлмайди. Илм ўлчови уларни фарқлаш учун ҳам керак.
Ҳамма бир хил мактабда ўқийди. Аммо уларнинг билим даражаси ҳар хил. Ҳамма бола ҳам илмга бир хил шижоат билан интилавермас экан. Илмга интиладиганларнинг биринчи фазилати агар у мусулмон бўлса, Аллоҳга иймон келтирганлар бўлар экан. Қуръони каримда «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илмга берилганларни даражаларга кўтарур», дейилган.
Кишининг илми қанча ошиб борса, соғлом қарор қабул қилиши учун билим даражаси ҳам, тафаккур салоҳияти ҳам етарли бўлади. Шу нуқтаи назардан, ҳозирги амалдаги билим даражасини ўлчайдиган мезонлар маълум даражада тўғри. Аммо мен олий маълумотлиман ёки фан докториман, деб ўқиш ва ўрганишни тўхтатиб қўядиган бўлса, кечаги фан доктори бугунги ўзгаришларни билмаса, бундайларни етук олим деб бўлмайди. Илм ўрганишга бўлган иштиёқ тирик одамда бир лаҳза ҳам сўнмаслиги керак. Бежиз «Бешикдан то қабргача илм изла», деб айтилмаган.
Билим олишда қайси даражани қўлга киритишингиздан қатъи назар, уни ўрганишдан ва ўргатишдан тўхтамаслик лозим. Акс ҳолда, ҳозирда жадал ривожланаётган, тез ўзгараётган замондан орқада қолиб кетишингиз бор гап. Замон билан ҳамнафас бўлмаган фан доктори, профессор ўқитаётган талаба ва ўқувчилар ҳам тегишли билимни эгаллай олмайди. Энг ёмони, уларнинг ривожланишига тўсиқ бўлиб қолиш хавфи кучайиб боради.
Илм - чегараси йўқ неъмат. Билимли одамлар бирорта соҳанинг бир қисминигина ўрганадилар. Шу туфайли у оддий олий маълумотли кишими ёки профессорми «менинг илмим зўр», деб мағрурланиб, ўз устида ишлашни тарк этиб, тўхтатиб қўймаслиги керак. Агар бугунги кун талабига жавоб бера олмаса, профессорни замонавий илмни эгаллаган олий маълумотли ёшлар ҳам танқид қилиши, танбеҳ бериши табиий. Бу борада Қуръони каримда «Ҳар бир илм эгаси устидан билувчи бор», дейилади.
Илм эгаллаб, билимли бўлган киши икки дунё саодатини қўлга киритар экан. Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзининг умматларини ихлос билан илм эгаллашга интилса, жаннат йўлига тушган бўлади, деб таъкидлаган.
Икки дунё саодати нима?
Биринчидан, илмга интилиши, олган билимига амал қилиши орқали барчага ибрат бўлиши. Иккинчидан, вафот этгандан кейин ҳам маънавий мероси, фарзанду шогирдлари тимсолида миллат маънавиятида ўрни борлигидир.
Ҳар бир инсон ўзининг бугуни ва охиратини, фарзандлари келажагини ўйласа, миллат истиқболи ҳақида бош қотирса, Ватан тинчлигини, унинг қадриятини мустаҳкамлаши лозимлигини ҳис қилса, албатта, илм эгаллаб, билимдон бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Мамаюнус Пардаев,
иқтисодиёт фанлари доктори, СамИСИ профессори.