Битта ҳақоратли сўз ва 2,5 йил муддатга қамоқ
Самарқандлик фуқаро 2023 йил ёз фаслининг бошида “Instagram” ижтимоий тармоғида “President family” номли видеолавҳага пост қолдириб, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентини ҳақорат қилган.
Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмида, Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаганлик ёки унга туҳмат қилганлик, шунингдек, матбуот ёки бошқа ОАВдан, интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаганлик ёки унга туҳмат қилганлик учун 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.
Х.Сулаймонова номидаги республика суд-экспертиза маркази комплекс суд-сиёсатшунослик лингвистик экспертизасининг 2023 йил 20 июль кунги хулосасида юқорида қайд этилган ҳолатда Республика Президентини ҳақоратлаш, обрўсизлантириш билан боғлиқ ҳаракатлар мавжудлиги кўрсатилган.
Оқибатда ижтимоий тармоқда Президентни ҳақоратловчи пост қолдирган фуқаро Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бу жиноят Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар туркумига кирганлиги сабабли ЖКнинг 73-моддаси 4-қисми “г” бандига мувофиқ жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштирилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати жиноят қонунчилиги билан алоҳида қўриқланишини унутманг!