Бир жойда хор, бир жойда зор

Бу борада америкаликлар "чемпион", деб ёзади "Мир новостей" (2017 й. 49-сон) ҳафтаномаси. Аммо бу фақат АҚШда муаммо эмас.   БМТ ҳисоб-китоблари бўйича дунёда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини увол қилиш глобал тус олмоқда, инсоният йилига 750 миллиард долларлик егуликни чиқитга ташлаб юборади.

"Супермаркет орқасидаги чиқинди контейнери ташландиқ егуликлар билан шунчалик лиқ тўлаки, менга бир неча ойга етади, – дейди Коннектикут штатидан ортиқча озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва уволга қарши курашчилар ҳаракати иштирокчиларидан бири Алан Честер. – Мен бир неча йилдан буён егулик сотиб олмайман".
Одамлар ейиш учун яроқли жуда кўп озиқ-овқатлар чиқинди контейнерига ташлаб юборилаётганидан норози бўлиб, уларни харид қилишдан бош тортмоқда.
Ер юзи бўйича ишлаб чиқарилаётган егуликнинг учдан бири – 1,6 миллиард тоннаси ташлаб юборилмоқда. Ваҳоланки, сайёрамизда миллиардга яқин одам очликдан азоб чекмоқда. Инсоният қандай қилиб бундай вазиятга тушиб қолди? Гап шундаки, 7 фоизга яқин ҳосил далада нобуд бўлмоқда. Сабаби оддий: маҳсулотнинг бозор нархи пастлиги фермерга уни йиғиштириб олиш учун маблағ сарфлагандан кўра далада қолдириш арзонга тушмоқда. Кейинроқ нобудгарчилик янада кўпроқ: фермерлар йиғиб олинган ҳосилнинг 20 фоизини ташлаб юборишга тўғри келади. Негаки, мева ва сабзавотнинг ҳаммаси ҳам "чиройли стандарт"га мувофиқ келмайди.
Харидор супермаркетдан сотиб оладиган мева-сабзавотлар кўзни қамаштирадиган даражада ялтираб туриши керак.
Айрим мамлакатларда муаммо давлат даражасида ҳал этилмоқда. 2012 йил Европа парламенти резолюция қабул қилди. Унга кўра, 2020 йилда ташлаб юбориладиган егуликлар 50 фоиз камайтирилиши лозим. Яъни, одамлар егуликларни онгли равишда увол қилиниши катта гуноҳ эканлигини англаб етишлари зарур. Масала шундаки, уларда қандай қилиб бундай масъулият ҳисини уйғотиш керак. Бу борада ҳозирча бирорта самарали кураш воситаси ўйлаб топилгани йўқ. Бироқ умидбахш интилишлар бор. Мисол учун, жуда кўп мамлакатларда озиқ-овқат банклари мавжуд. Уларга ишлаб чиқарувчилар ва савдо тармоқлари яроқлилик муддати ўтаётган ёки сифати      паст маҳсулотларни топширишади, банк эса муҳтожларга тарқатади.