Бир кеча-кундузда 980 та карантин қоидаларини бузиш ҳолати аниқланган бўлса, 328 тасини самарқандликлар содир этган

Айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати берган хабарга кўра, ўтган 24 соат давомида карантин қоидаларига амал қилмаган жами – 980 та ҳолат аниқланган бўлиб, улардан 328 таси, яъни 33,4 фоизи самарқандликлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бугунги вазиятда барчамиз коронавирусга қарши кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига қатъий риоя қилиш ҳамда юртдошларимизнинг саломатлигини асрашни асосий вазифамиз, деб билишимиз зарур.

Ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт.

Азиз самарқандликлар!

Сизларни яна бир бор карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ҳамда зарурат бўлмаса, уйда қолишга чақирамиз!

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.