Бир кунда 500 бош йирик шохли қорамол сўйишга мўлжалланган кушхона иш бошлади

Самарқанд шаҳрида давлат рўйхатидан ўтган “Сам тери тайёрлов” масъулияти чекланган жамияти нафақат вилоятимизда, балки республикамиздаги терига ишлов бериш соҳасида иш олиб бораётган пешқадам корхоналардан бири ҳисобланади.
Яқинда Қуйи Хўжа Соат маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мазкур корхонанинг барча замонавий имкониятларга эга бўлган ва инновацион технологиялар асосида иш олиб бориши режалаштирилган янги ишлаб чиқариш комплекси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимини Самарқанд туман ҳокими Шуҳрат Жамолов очиб бериб, тадбиркорларни ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишларига чақирди.
“Сам тери тайёрлов” МЧЖ раҳбари ҳожи Олим Козимов биз билан суҳбатда шундай деди:
- Лойиҳамиз икки босқичдан иборат бўлиб, бугунги кунда унинг биринчи босқичини амалга оширдик. Самарқанд тумани ҳокимлиги томонидан 3,7 гектар ер майдони ажратиб берилди. Биз мазкур ер майдонининг 0,33 гектар майдонида молхона, кушхона, ишчи-ходимларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун махсус бинолар, ошхона, тери ва жун қабул қилиш пунктлари барпо этиб, унда 30 та ишчи ўринлари яратдик. Замонавий талаблар ва стандартларга жавоб берадиган кушхонамизда боқилган йирик шохли ва кичик шохли қорамолларни сифатли ва ҳалол қилиб сўйиб топшириш учун барча шароитлар мавжуд. Кушхонамиз бир кунда 500 бош йирик шохли қорамол ва 1000 дан ортиқ кичик шохли қорамол (қўй ва эчкилар) сўйишга мўлжалланган. Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичини 2019 – 2021 йиллар мобайнида бажариш мўлжалланган. Унда 2,4 гектар майдонда терини қайта ишлаш, пойабзал фабрикаси, чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқариш фабрикаси барпо этиб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Агар шу корхоналарни ишга туширсак, 30 тадан ташқари яна 120 та қўшимча ишчи ўринлари яратилади.