Бир мурожаат изидан: Юқори Чордара аҳолиси сув муаммосини “опен бюджет” ҳал қиладими?

Самарқанд туманидаги ушбу маҳалла аҳолисининг бир қисми 20 йилдан бери ичимлик сувини ташиб келтириб ичаётганликларини айтмоқда.

Таҳририятимизга Самарқанд тумани Юқори Чордара маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолидан мурожаат бўлди. Унга кўра, мазкур маҳалладагилар 20 йилдан бери ичимлик сувини ташиб келиб ичади. Масъулларга қилинган мурожаатлар эса натижасиз қолмоқда.

“Бизга дастурга киритилган, дейишади. Шундай бўлса, нега қилинмайди? Яна неча йил кутишимиз керак?”, дейди мурожаатчилардан бири.

“Самарқанд сув таъминоти” АЖ масъуллари билан боғланганимизда, улар муаммодан хабардор эканликлари, уни жойида ўрганиб, ҳудудни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича таклифни туман ҳокимлигига киритишганини айтишди.

— Ташкилотимиз сув иншоотини қуриб бериш билан шуғулланмайди, балки қурилган иншоотларни эксплуатация қилади, - дейди корхона ахборот хизмати раҳбари Алишер Алиқулов. – Юқоридаги маҳаллага бориб ўрганилганда, ҳудудда 2 та сув иншооти борлиги, аҳолининг асосий қисми шу иншоотлардан сув ичиши, мурожаатчилар эса асосан янги уй қуриб, кўчиб ўтганлар эканлиги маълум бўлган. Шунга қарамай, мурожаатни ижобий ҳал қилиш бўйича ўз таклифимизни берганмиз. Уни тасдиқлаш ва маблағ ажратиш юқори турувчи идоралар томонидан ҳал қилинади.

Агар муаммо ростдан ҳам фақат маблағ ажратишда бўлса, тегишли лойиҳа ёки таклиф вилоят молия бош бошқармасида кўриб чиқилгандир, дея бошқарма билан телефон орқали боғландик. Аммо улар бунақа лойиҳа йўқлигини, лекин Президентнинг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мазкур маҳалладаги 3 та кўчага, жами 2,3 километр узунликдаги оқова сув қувури ётқизилганлигини маълум қилишди. Қизиқ, гапда бору, қоғозда йўқ бу лойиҳани яна қаердан қидириш мумкин? Нега масалага аниқ ва лўнда жавоб берадиган масъул йўқ?

Яна бир гап. Мурожаатни ўрганиш давомида кўплаб масъул идора мутахассислари билан мулоқот қилишимизга тўғри келди. Уларнинг аксарияти лойиҳани “Опен бюджет”га қўйиб, ютиш орқали тезроқ ҳал қилиш мумкинлигини айтди. Бошқа йўли оворагарчиликларни келтириб чиқарар экан.

Савол туғилади: инсон ҳаёти, бизнинг вазиятда унинг муносиб ҳаёт кечиришининг асосий омили ҳисобланган ичимлик сувидан баҳраманд бўлиш учун ҳам овоз йиғиш керакми? Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда марказлашган ичимлик суви тармоғи йўқ 100 дан ортиқ маҳалла бор. Уларнинг барчаси “Опен бюджет”да ютиб чиқа оладими? Марказ ва унга яқин ҳудудда кўп қаватли бино қурилиши билан ичимлик суви тармоғи тортилади. Агар унда узилиш кузатилса, аҳолига махсус ускуналарда сув етказиб берилади. Нега бошқалар бу сувни “Опен бюджет”да ютиб олиши керак? Назаримизда, ижтимоий аҳамияти юқори бўлган масалаларни дастурлар орқали ёки маҳаллий бюджетдан молиялаштириш мақсадга мувофиқроқ.

Масъуллардан жавоб кутиб қоламиз.

Асқар БАРОТОВ.