Биринчи принтерни ким ихтиро қилган?

“Ёзадиган бола” – принтерми ёки робот?

1770 йилларнинг бошларида швейцариялик соатсоз Пьер Жаке-Дро (Pierre Jaquet-Droz) ўз даври учун ажойиб бир ихтиро қилди.

Уста ёзаётган бола қиёфасидаги қалам билан 40 белгигача бўлган сўз ва жумлаларни чоп этишга қодир дастурлаштирилган андроид - автоматон яратиб,  ўз ижодини “Каллиграф” (Хаттот) деб атади.

Қурилманинг ташқи кўриниши кишини чалғитадиган даражада оддий: бўйи тахминан беш яшар болага тўғри келадиган ялангоёқ, кичкинагина болакай ёғоч столда ўтириб, қўлига қалам тутади.

У қўғирчоққа ўхшайди. Бироқ, ичида ёзув машинкасини қувватлантириш учун 6000 та ҳаракатланувчи қисм бир пайтда ишга тушадиган ҳақиқий муҳандислик ғояси яширинган.

Хаттот шунчаки сўзларни ёзмайди. У бошини сиёҳдон томон ўгиради, идишга қаламини ботиради, сиёҳ томизиб доғлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун уни силкитади. Автоматнинг кўзлари ёзув матни бўйлаб ҳаракатлана олади.

Соатсозликнинг машҳур кашшофи Пьер Жаке-Дро 1721 йилда Швейцариянинг Ла-Шо-де-Фон шаҳрида туғилган. У қушлар сайраши овози каби овоз чиқарадиган, фавворали анимацион ва мусиқий соатларнинг моҳир ижодкори, шунингдек, автоматик механизмли - автоматонларни яратган ажойиб уста эди.

«Ёзадиган бола» 1773 йилда уста томонидан яратилган биринчи автоматлаштирилган қўғирчоқ бўлди.

“Автоматон”нинг танаси ёғочдан, боши чиннидан қилинган бўлиб, соатсоз уни ясаш учун 20 ой вақт сарфлаган. Бураб юргизиладиган бола патли ёзув қуроли билан бўш қоғозга «Мен сени яхши кўраман, менинг шаҳрим» ёки «Пьер-Жаке Дро менинг ихтирочим» каби ибораларни чиқаради, ўз ёзувларига ўйчан боқади, сўнг қоғозни чиқариб ташлаб, яна ёза бошлайди.

“Болакай” премьерасини Дро 1774 йилда Парижда уюштирди. “Жонли” қўғирчоқ эндигина тахтга ўтирган Людовик XVI саройидаги сенсация сабабчиси бўлди.

Ҳайратланарлиси, бу механизм яратилганига икки асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, 250 ёшли робот ҳали ҳам ишлайди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.