Биржада илк марта ун бўйича очиқ савдо ўтказилди

Кеча, 1 июнь куни республика товар-хомашё биржасида ун маҳсулоти бўйича дастлабки очиқ биржа савдолари ўтказилди.

Биринчи кунда “Ўздонмаҳсулот” корхоналари 10 минг тонна 1-навли унни савдога қўйди, шундан 83 фоизи сотилди. Ўртача нарх – тоннасига 4,5 млн. сўм бўлиб, мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бугун биржада шаклланган нархдаги ундан қолипли нон ишлаб чиқариш ва уни дўконларга етказиб беришнинг таннархи ўртача 2550 сўмга тушади.

Биржанинг маълум қилишича, “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхона томонидан биржа савдоларига 10,0 минг тонна 1-навли ун қўйилди ва улардан 8,3 минг тоннаси сотилди. Биржа савдоларида сотилмаган қолдиқ уннинг ҳажми қарийб 1,7 минг тоннани ташкил этди. Яъни, биржанинг ун бозорида таклиф етарли даражада бўлди.

Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра, 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 497,8 минг сўмни ташкил қилди. Биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (4 241,9 минг сўм)га нисбатан 6 фоизга ўсди.

Ун бўйича ўтказилган биржа савдоларида жами 2 822 та харидор иштирок этган бўлиб, улардан 56 таси Тошкен нон ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади. Ушбу корхоналар биржада жами 874 тонна 1-навли ун сотиб олди.