Битирувчини ишга тайёрлайдиган таълим қандай бўлиши керак ёхуд "Техникум-корхона микроцех модели" муаммони нечоғли ҳал қилади?

Касбий таълимда битирувчиларнинг малакаси реал ишлаб чиқариш талаблари билан мос келмаслиги долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Техникумлар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорлик кўп ҳолларда расмий келишувлар ва қисқа муддатли амалиётлар билан чекланиб, таълим мазмунига етарли даражада таъсир кўрсатмайди.

Глобал иқтисодиёт ва технологик ривожланиш шароитида касбий таълим тизимидан талаб қилинаётган асосий вазифа меҳнат бозори эҳтиёжларига тезкор ва мослашувчан жавоб беришдир. Шунга қарамай, амалиётда кўплаб техникумларда таълим жараёни ишлаб чиқариш жараёнларидан узилган ҳолда ташкил этилмоқда.

Мавжуд ҳамкорлик механизмлари кўпинча қисқа муддатли ишлаб чиқариш амалиёти билан чегараланиб, ўқув режалари ва баҳолаш тизимига чуқур интеграциялашмаган. Меҳнат бозори шароитида касбий таълим муассасалари олдида турган асосий муаммо битирувчиларнинг ишлаб чиқариш талабларига тўлиқ мос келмаслигидир. Амалда кўплаб техникумларда корхоналар билан ҳамкорлик расмий шартномалар ёки қисқа муддатли амалиётлар билан чекланиб қолмоқда. Бу эса таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида узвий боғлиқликни таъминламайди.

Техникумларда корхоналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида “Техникум-корхона микроцех модели” таклиф этилиб, у касбий таълимни ишлаб чиқариш муҳитига тўлиқ яқинлаштиришга қаратилмоқда.

Республика Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида техникумлар фаолиятини ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш, кадрлар тайёрлашни меҳнат бозори талабларига мослаштириш, дуал таълим ҳамда амалий таълим жараёнларини кучайтириш вазифалари белгиланди. Шу сабабли, барча ҳудудларда “Касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий тадбиркорлар кенгаши" ташкил этилиб, унинг таркибига ҳудуддаги йирик тадбиркорлик субъектлари, иш берувчи ташкилот ва корхоналар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари киритилди.

Ҳудудда ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш, халқаро таълим дастурлари, ўқувчилар амалиёти ҳамда дуал таълимни ташкил этиш ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлаш, техникумлар ихтисослашувини ўзгартириш ва таълим дастурлари мазмунини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Техникум-корхона микроцех модели тушунчаси бу касбий таълим муассасаси ва иш берувчи ўртасидаги ҳамкорлик бўлиб, унда корхона ишлаб чиқариш цехи техникум ҳудудида ёки корхона базасида фаолият юритади. Мазкур модель таълим, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини ягона тизимга интеграция қилиш орқали ўқувчиларнинг реал иш муҳитида касб эгаллашга ёрдам беради.

Ушбу модель анъанавий ўқув-ишлаб чиқариш устахоналаридан фарқ қилади. Микроцехда ўқув маҳсулоти эмас, бозорга йўналтирилган реал маҳсулот ёки хизмат яратилади. Микроцех шароитида ўқувчилар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот ёки кўрсатиладиган хизматлар дидактик мақсад билан чекланиб қолмайди, балки реал бозор эҳтиёжларига мос, иқтисодий айланишга кирувчи ва истеъмолчилар томонидан талаб қилинадиган маҳсулот сифатида шакллантирилади.

Бунда ўқувчилар ишчи сифатида реал технологик операцияларни бажаради, яъни улар ишлаб чиқариш жараёнида тўлиқ қатнашиб, маҳсулот ёки хизматни яратишда фаол иштирок этади. Бу жараёнда ўқувчилар назарий билимларни амалий технологик жараёнларда тўғридан-тўғри қўллаб, маҳсулот сифати ва стандартларга мувофиқ ишлаш кўникмаларига эга бўладилар.

Техникум-корхона микроцех моделида ўқув режанинг 30-50 фоизи микроцех фаолиятига интеграция қилинади. Модуллар иш жараёнлари асосида шакллантирилиб, баҳолашда назарий билимдан кўра иш натижаларига кўпроқ эътибор берилади.

Микроцех моделининг яна бир муҳим хусусияти шундаки, ўқувчилар битиргандан кейин ишга жойлашади, яъни “таълим жараёни – ишлаб чиқариш – ишга жойлашув” узвий интеграцияланади.

Касбий таълимда “ўқиш учун ишлаб чиқариш” эмас, балки “ишлаб чиқариш жараёнида ўқиш” тамойили асос қилиб олинади. Дуал таълим назарияси микроиқтисодий модель билан бойитилади ҳамда ўқувчи меҳнат бозори субъекти сифатида таълим жараёнидаёқ шаклланади. Натижада таълим ташкилоти сифатсиз кадр тайёрловчи эмас, фаол ишлаб чиқариш ҳамкорига айланади.

Техникум-корхона микроцех модели касбий таълимни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган инновацион ёндашув ҳисобланади. У таълимни ишлаб чиқаришдан ажратмасдан, балки унинг таркибий қисмига айлантириш орқали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширади.

Ушбу моделни ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий асослар билан мустаҳкамлаб, тажриба тариқасида пилот техникумларда жорий этиш касбий таълимни ислоҳ қилишдаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Ғайрат Норқулов,

вилоят касбий таълим бошқармасининг таълим жараёнини ташкил этиш ва касбий  ривожлантириш шуъбаси бошлиғи.