“Биз ҳам илм майдонига кирамиз”

Достончилик ўзбек адабиётининг таълим-тарбиядаги энг катта, самарали воситаси ҳисобланган. Айниқса, халқ оғзаки ижоди орқали яратилган достонлар давраларга мазмун бағишлаган. Маърифат аҳлининг аксарияти ана шу ҳикматли асарларни тинглаб камолга етган.

Таниқли адиблар яратган достонлар эса ўзининг илмий хулосалари, тарихий воқеликларга муносабати билан ажралиб турган. “Хамса” шулар жумласидандир. Табиийки, бу жанрга ва “Хамса”ларда ёзилган достонларга шарҳ бериб ўтиришдан тийиламан, чунки бунга менинг қувваи ҳофизам етмайди, лекин камина ҳам ана шу асарларни ўқиб, бошқа зиёлилар каби таъсирланганман, улардан маҳоратни ўрганганман.

Яшириб ўтирмайман, алломалар ёзган достонларни ҳар ким ўқиб ҳазм қила олмаган. Чунки улардаги илмийлик (манбалар ва жуғрофий номлар шарҳи) алоҳида иқтидор ва эътибор талаб қилган. Бу асарларни ўқиган нотиқлар достон мазмунини бошқаларга соддароқ қилиб тушунтириб берганлар. Бу услуб ҳам бедилхонлик, навоийхонлик, ганжавийхонлик давраларининг удумига айланган.

Ўзбек адабиётида достончилик услуби замон зайлига қараб эврилиб турган. Ҳатто, шоҳ ва амирларга бағишланган достонларда ҳам жамиятнинг оғриқлари, муаллифнинг орзу-умидлари ошкора изҳор этилган. Достоннинг асосий мақсади тарихий воқеликни поэтик тарзда тарихга муҳрлашдир.

Жумагул Сувонова бу ҳолатни жуда яхши билади. Чунки у шоира ва олима, қолаверса, мумтоз адабиётимиз билимдони. Шу сабабли ўзининг навбатдаги “Сулола” деб номланган достонига анчагина тажриба ва алоҳида иштиёқ билан киришди. Зотан, устози, профессор Ибодулла Мирзаевнинг Термизийлар меросининг аҳамияти ҳақидаги суҳбатлари унда бу мавзуга жуда катта қизиқиш уйғотди.

Гарчи уч йил аввал “Самарқанднома” достонини битишда юзлаб манбаларни қидириб, катта машаққатларга дуч келган ва асар чоп этилгандан кейин унинг ўқувчилари жуда кўп эмаслигини англаган бўлса-да, Ж.Сувонова ижодий қатъиятда маҳкам турди, ижодкорлик принципидан воз кечмади. Эҳтимол, шунинг учундир соҳа билимдонлари асарни катта маҳорат билан битилганини эътироф қилмоқдалар.

“Сулола” анъанавий услубда ёзилган. Яъни, унда Термизий саййидлар сулоласига тегишли алломалар ҳаёти ва ижоди ҳамда илмий фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Бундай ҳикоялар Ҳожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук” асари ғояларига муносабат тарзида ёзилган. Термизийнинг бу асари подшоҳлар учун дастур сифатида эътироф этилган бўлса-да, унда инсон ҳаётининг турли ҳолатлари қаламга олинган. Жумагул ҳам айнан ана шу услубни давом эттирган ҳолда алломаларнинг пайдо бўлиши, асарларнинг туғилиши, унга одамларнинг муносабати ҳақида жуда равон байтлар ёза олган. 32 фаслдан иборат достоннинг ҳар бир байти алоҳида сюжетга эга бўлса-да, улар бир-бирини тўлдириб боради. Деярли ҳар фаслда “Дастур ул-мулук” асаридан чиройли байтлар мисол келтирилади ва шарҳланади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, муаллиф достонда ҳар бир воқеликнинг ўз давридаги тарихийлиги ҳақида жуда чиройли ташбеҳлар яратган:

“Учинчи ҳикмат ҳам ойдек порлагай,

Дилни равшан гўшаларга чорлагай,

Ҳар юракни маърифат-ла бойитар,

Ҳар гўшани ҳақ нури-ла ёритар”.

Достонда мингга яқин манбадан фойдаланилган. Демак, муаллиф ҳар бир сатр ёки воқеликни шарҳлаш баробарида ана шунча манбаларни ўқиб, ўрганган. Шу сабабли бу манбаларнинг аҳамияти, номи сатрлар мазмунига сингдирилган. Шунинг учун ҳам достонни ўқиган кишида Термизийлар сулоласи ҳақида жуда бой таассурот пайдо бўлади. Бинобарин, муаллиф – олима ва шоира Жумагул Сувонованинг жасорати, маҳорати ҳам ана шундадир.

Яхшиси, китобни ўқиб сиз ҳам камина каби завқланинг.

Фармон Тошев.