Биз қаерда хато қилдик?

Мустақиллик йиллари арафасида қишлоғимиздан бир йигит Россия давлатида ҳарбий хизматни ўтаб қайтди. Кўп ўтмай у ортига қайтиб кетди. Сўнгра укасини, жиянини чақирди. Бирин-кетин қишлоқ йигитлари Россияга ишлаш учун кета бошлади. Ўз навбатида ишга кетган йигитлардан мўмай пул кела бошлагач, хорижга ишга кетадиганлар сони ортди. Бу ҳолат деярли барча ҳудудларда кузатилди. Ўша пайтлари ишсизликдан қутулишнинг ягона йўли шу эди, гўё.

Бир куни қишлоққа борсам, математика ўқитувчиси бўлган раҳматли опам “Мактаб ўқувчилари ўқимай қўйди, ҳатто баъзилари муаллим нега биз ўқишимиз керак? Бизни Россия боқяпти-ку, мен ҳам мактабни битирсам кетаман. Барибир ҳеч қаерда ўқимайман, деяпти”, деди хомуш бўлиб. “Дарсга қизиқмаган ўқувчига шунчаки дарс ўтиб келиш жуда оғир”, деди.

Ҳақиқатда ўша йиллари таълимга эътибор анча сусайган, ўқитувчининг ҳам обрўси тушганди. Сабаби, ўқитувчилар ҳам мактабни ташлаб, Россияга кета бошлади. Баъзи мактабларда эркак ўқитувчилар қолмади ҳисоб. Бу ҳам етмагандек муаллимлар пахта теримига жалб этилар, таълим сифати ҳеч кимни қизиқтирмасди. Натижада ўқувчилар ўқимай, ўқитувчилар ўз устида ишламай қўйди. Оқибатда йилдан йилга абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кириш баллари пасайиб кетди. Энг ёмон кўрсаткич жорий йилда қайд этилди. Давлат тест марказининг маълумотига кўра, 51,2 фоиз абитуриент 56,7 балл ҳам тўплай олмади. 56,7 балл — бу тўплаш мумкин бўлган энг юқори 189 баллнинг 30 фоизи, яъни 2 баҳо ҳам эмас.

Буни оддий мисол орқали тушунтириб бераман. Яқинда она тилидан репетиторлик гуруҳига мактабни битирган йигит келибди.

- Қайси йўналишга ўқишга кирмоқчисан? – деб сўрабди ўқитувчи.

- Ростини айтсам, мен инглиз тилини ўрганмоқчиман. Аммо ўқитувчим менга сен от, сифат, сон, феъл нималигини билмасанг, инглиз тилини ўргатолмайман. Аввал она тилини ўрганиб кел, деди. Шунинг учун она тилини ўрганишга келдим, аслида менга она тили керак эмасди, - дебди.

Тасаввур қиляпсизми, йигит мактабни битиргунига қадар она тили фанидан оддий билимларга эга бўлмаган. 56,7 балл тўплай олмаганларнинг билими ва дунёқараши тахминан шундай.

Бугун таълим сифатини кўтариш учун хорижий тажрибаларга таянишга ҳаракат қиляпмиз, худди аввалдан бизда тажриба йўқдек. Унда ота-боболаримиз қандай қилиб етти ёшида “Қуръон”ни ёд олишган? Чунки кўпчилик олимларнинг оналари илк сабоқни уйида ўргатиб қўйишган.

Солиқ тўламайдиган тадбиркорлик борми?

 Кейинги йилларда ота-оналар ҳам фарзандининг билими билан қизиқмай қўйди, уларга фақат пул топиш кераклиги уқтирилди. Натижада, ёшлар билим олиб, касб эгаллашни эмас, фақат пул топишга қизиқди. Ҳозир ҳам айримлар боласига шундай тарбия беряпти. Биз фарзандларимизга бошқа халқлар каби “Сен Ватан учун хизмат қилишинг керак”, “Ўз касбингнинг етук мутахассиси бўлиб, жамиятга ёрдаминг тегиши керак”, “Асл мақсадинг одамларнинг оғирини енгил қилиш бўлсин”, деб тарбия бермаяпмиз.

Ҳозирги ёшлар билан гаплашсангиз, аксариятининг дарди пул топиш. Ҳатто олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ҳам диплом олгач, яхши маошли иш топишни, акс ҳолда чет элга кетишини айтяпти. Тўғри, инсон яхши яшашни истайди, бунинг учун уй-жой, машина олишга ҳаракат қилади. Хўш, ундан кейин-чи? Ҳамма шарт-шароитини қилиб олгач, қўлида бирон касби бўлмаса нима қилади?

  Яқинда бир такси ҳайдовчиси хориждан ишлаб қайтгани, ўн беш йил давомида оиласи учун ҳамма шарт-шароитини қилгани, банкда 20 минг доллар пули борлиги, аммо қандай тадбиркорлик билан шуғулланишни билмаётганини айтиб қолди. Маслаҳат сўраганди, ўзимча бир-икки хил тадбиркорликни айтиб кўрдим.

- Йўқ, буларнинг ҳеч қайси тўғри келмайди, чунки солиқ тўлашим керак. Давлатга солиқ тўлашни хоҳламайман, - деди.

- Ҳар бир тадбиркор давлатга солиқ тўлайди-ку, - дедим унга.

- Мен шундай тадбиркорлик билан шуғулланишим керакки, давлат мендан ҳеч қандай солиқ олмасин, ҳеч кимга пул беришни истамайман, - деди у.

Ватанни севмайдиган кишигина мана шундай фикрлайди. Бу ҳайдовчи на мактабда ўқиган, на ватанпарварликни ўрганган, энди эса топган пулини қандай сарфлашни билмаяпти. Ҳамма нарсага билим кераклигини шу ёшга кириб ҳам англамабди.

Туркияда ватанпарварлик бешикдан бошланар экан. Улар гўдакнинг бешигига ватан байроғини илиб қўяркан. Улар фарзандларини “Сен туркнинг боласисан, ватан равнақи йўлида хизмат қилишинг керак”, деб тарбияларкан. Шунинг учун ҳам оддий такси ҳайдовчиси ҳам бир кунда қанча пул топганига қараб, давлатга солиқ тўларкан. Солиқдан қочиш ватанга хиёнат деб қараларкан. Афсуски, бизда бунинг тескариси оддий ҳолдек қабул қилинади.

Бизда пул йўқми ёки қаноат?

Имом Бухорийга онаси қуйидагича насиҳат қилган экан:

- Ўғлим, устозингизни илмидан, тақвосидан ва унинг гўзал одобидан таълим олинг. Қулоқларингиз устоз оғзидан чиқаётган дарсни тингласа, кўзларингиз унинг одоби, оғир вазминлиги, одамларга бўлган муомаласини кузатиб сабоқ олсин. Бугун ўқиган бир варағингиз сизни яхши томонга ўзгартирса, иккинчи варағини очиб ўқинг. Агар биринчи варақ сизнинг иймонингизни, тақвойингизни ва одобингизни зиёда қилмаса, асло иккинчи вараққа ўта кўрманг. Фойдаси кам, зиёни кўп бўлур.

Ҳар қандай буюк инсон ортида буюк аёл бўлади, дегани шу. Бизнинг бугунги оналаримиз ҳам фарзандига шундай насиҳат қиляптими? Агар Имом Бухорийнинг онаси ҳам “Ўғлим, сен пул топишинг керак, билим олишинг шарт эмас”, деганида у ким бўларди? Боболаримиз илм олиш учун хорижга чиққан бўлса, болаларимиз пул топиш учун чет элга кетяпти. Америка орзусида бўлганлар уй-жой, машинасини сотиб, етмаганига қарз олиб, қинғир йўллар орқали сеҳрли диёрга етиб олишга ҳаракат қиляпти. Аслида бизда пул йўқми ёки қаноат?

 

Раҳбарлар педагогика дарси ўтмаганми?

Олий таълим муассасаларидан бирида педагогика фанидан дарс бўлаётган экан. Ўқитувчи:

- Педагогикада ҳеч ким, ҳатто таълим муассасаси раҳбари ҳам дарсни бузишга ҳаққи йўқ. Агар мактаб директорининг бирор гапи бўлса, аввал эшикни тақиллатиб, сўнгра киришга изн сўрайди, - дебди.

- Домла, нега деканимиз фақат дарсимизнинг ўртасида кириб келади, аммо эшикни тақиллатмайди? – дебди талабалардан бири.

Ўқитувчи унинг гапини эшитмаганликка олиб, дарсни давом эттирибди. Шу пайт хонага декан ўринбосари кириб келибди.

- Эртадан контракт пулларини тўламаган талабалар дарсга киритилмайди, - дебди салом-аликсиз.

Талабалар кулиб юборишдан зўрға ўзларини тийибди, ўқитувчи эса ўтаётган дарсидан изза бўлибди.

Энди ўзингиз ўйланг, олий таълим муассасаларида амал қилинмайдиган педагогик қонун-қоидаларга мактабда ким амал қилади?

Вақтида китоб ўқиб қўйган муаллим...

Болалигимда оддий колхозчи аёллар ҳам китоб ўқирди. “Саодат”, “Фан ва турмуш”, “Ёшлик” каби журналларга обуна бўларди. Пахта далаларида тушликда китоб ўқиганларини кўрганман. Колхозчи аёллар ўзаро ўқиган китобларидан баҳс қиларди. Ҳозир-чи?

Ҳатто ўзини зиёли санайдиган аёллар даврасида ҳам илм мажлиси деярли кузатилмайди. Кимдир қайнонаси, кимдир келинини ёмонлайди, нари борса сўнгги мода ҳақида суҳбатлашилади.

Бир куни таҳририятга адабиёт фани ўқитувчиси мақола олиб келди.

- Болаларингизни қандай қилиб китоб ўқишга қизиқтирасиз? – деб сўрадим. Мақсадим – мутахассис тажрибасини олиш эди.

- Тўғриси, болаларим китоб ўқимайди, - деди у. – Китоб ўқи десам, нега ўзингиз китоб ўқимайсиз, дейишади. Мен вақтида китоб ўқиб қўйганман, дейман болаларимга, - деди ғурур билан.

Аёлнинг гапидан ҳанг-манг бўлиб қолдим. Фарзандига китоб ўқитолмаган ўқитувчи ўқувчиларини қандай қилиб китобга меҳр қўйдира олади? Аввал китоб ўқишни ўзидан бошлаши керак эмасми?

***

Китоб ўқимас эканмиз, коррупциянинг олди ҳеч қачон олинмайди, раҳбарлар фуқароларнинг муаммосини ҳал этишни эмас, мурожаатни тезроқ ёпишни ўйлайди. Китоб ўқимас эканмиз, соҳа мутахассислари ҳисобот учун фақат статистик маълумотлар тайёрлаш билан шуғулланади. Китоб ўқимас эканмиз, конституциявий ҳуқуқимиз нимадан иборатлигини билмаймиз, ҳеч қаерда ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилолмаймиз. Китоб ўқимас эканмиз, бюрократик бошқарувдан нарига ўтолмаймиз.

Йўлларимизнинг абгорлиги ҳам, уйларимизнинг сифатсиз қурилаётгани, зўр мутахассисларнинг чет элдан олиб келиб ишлатаётганимиз, оғир касалларимиз хорижда даволанаётгани, хуллас, барча муаммомизга сабаб китоб ўқимаганимиз. Энг ачинарлиси, фарзандларимизга Ватанни севдиролмас, китоб ўқитолмас эканмиз, ҳатто таълим олиш учун хорижга кетаётган ёшларимиз ҳам ўша юртда муҳожир бўлиб қолишни орзу қилаверади...

Хуршида Эрназарова.