Бор тарихни нега кўрсатолмаймиз?
Тарихий аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳақида кўп гапирамиз. Зотан, уларнинг фахрланишга арзигулик ибрати бор. Аммо уларнинг ҳаётини тарғиб этиш ва ўрганишда жудаям орқадамиз. Масалан, Алишер Навоий ҳақида ўтган асрда олинган битта фильм ва видеофильм билан чекланганмиз, улар ҳам ўша давр мафкуравий нуқтаи назаридан олинган. Яъни, аслида салтанат ишларини ёқтирмаган улуғ шоир област ҳокимидай кўрсатиб қўйилган. Ваҳоланки, Навоийнинг буюклиги нимада деган саволга жавоб берадиган кино яратиш фурсати аллақачон етган.
Худди шунингдек, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди ҳақида ҳам пичоққа илинадиган ҳеч нарсамиз йўқ. Голливуднинг машҳур актёри Мел Гибсон ўйнаган “Шерюрак” каби одамни титратиб юборадиган кинолар бизда ҳам олинармикан, деб ўйлаб қоласан, киши.
Туркия билан ҳамкорликда ишланган Жалолиддин Мангуберди сериалимиз томошабинни ўзига тортолмади. Мангуберди ҳақида гап кетаркан, Хитой ва Мўғулистон кино ижодкорлари томонидан 2004 йилда ишланган “Чингизхон” номли 30 қисмдан иборат сериални айтгим келади. Албатта, ҳар бир давлат ўз манфаатидан келиб чиқиб, тарихий воқеаларни истаганча ўзгартиради, аммо мана шу сериалда Мангубердининг жасоратини, хоразмшоҳларнинг таназзулини моҳирлик ва холислик билан кўрсатиб беришган. Шунинг учун ҳам бу кинони қайта-қайта кўрса арзийди. Кўриш ва ўрганиш керак.
Турклар Амир Темурнинг юздан бир ишини ҳам қилолмаган Султон Сулаймон ҳақида сериал ишлаб, бутун дунёни экранга михлади. Биз эса бор тарихимизни кўрсатолмаймиз.
Бир сўз билан айтганда, экранларимизни қайнона келин мавзусию фахш тарғиботидан тозалашимиз керак. Чин маънода китоб кўрган, ўқиган ва уққан, ўзбекча фикрлайдиган режиссёрлар ва сценарийчиларга жуда катта эҳтиёжимиз бор.
Мақсуд Жонихонов.