Ғурур
- Ҳурматли йўловчилар! Самолётимиз Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига, Ислом Каримов номли аэропортга қўняпти...
Баъзан қоғозга қараб чайналиб ўқиган стюардессанинг бу маълумотига ҳамма кўникиб қолган, ҳатто айримларга матни ёд бўлиб кетган. Бироқ бу эълондан сўнг салондаги йўловчиларнинг ҳар бирида алоҳида фикр, туйғу уйғонади, яшириб нима қиламиз, уни охиригача эшитмайдиганлар ҳам топилади, негаки ҳар кўнгилда ҳар хаёл.
Хитойдан, бир ҳафталик пресс-турдан қайтишда мен ҳам, сафардошларим ҳам бу ҳолатни бошдан кечирдик. Самолётга минишдан олдин қандли диабети бор таниқли шарҳловчи, "Халқ сўзи" газетаси ходими Абдували Соҳибназаровдан аҳвол сўрайман: "Бош оғримаяптими?". У эса хушкайфиятда жавоб беради: "Шукр, йўлда ухлаганимданми ёки Ватан ери қўлладими, билмадим, руҳим енгил тортди, ланжлигим йўқолди".
Бошқа шерикларимга ҳам назар соламан: ҳаммаси хурсанд, аллақачон эртанинг ташвиши билан банд. Чунки улар ўз ерига, ўз маконига етиб келганини ҳис қилдилар. Гарчи хорижда ҳурмат кўрсатишган эрса-да, зинапоядан тушгандан кейин шу замин эркалашини туйдилар. Ўзлари билмаган ҳолда гаплари ҳам дадил бўлиб қолди.
Бирга келган меҳмонларга назар ташлайман: ҳаммаси ўз ташвиши билан банд, кимдир жомадонини авайласа, кимдир кутиб олувчини ахтаради...
Мен ҳам хурсандман, чарчоқларим тарқаган, ярим тун бўлса-да, уйқу қочган. Йўқ, бу шунчаки хурсандчилик эмас. Бу ҳолат тасодифан танга топиб олган ёки лотореясига ютуқ чиққан кишининг шодлиги эмас. Бу ҳолат уста Тош бобомнинг "Болам, бу оддий тупроқ эмас, кетмон урсанг, сув берсанг, олтин берадиган дала" деганлари, Шарофат момомнинг "Эртак айтолмаган ўзбек ўзбек бўлмайди, болам" ёки падари бузрукворим Исҳоқ муаллимнинг "Ўғлим, эл Сизга эмас, Сиз элга қўшилишингиз керак", деган ўгитларини ёдимга солади.
Негаки, бу ҳолат жараёнида ўзингизда ғурур билан баробар куч-ғайрат ҳам сезасиз, ҳамма ишни қила олишингизга ишонасиз. Бу куч ва ишончни Сизга Ватан туйғуси беради. Беихтиёр унга муносиб бўлишни истайсиз, Сизнинг ўз бурчингизни бажаришингиз Ватан равнақига ҳисса эканини тушуниб етасиз.
Тўғри, аслида бу ҳолат гап, фикр ёинки воқеа таъсирида пайдо бўлмайди. Камина самолёт стюардессаси эълони баҳонасида кўнгил кечинмаларимни айтдим, холос.
Бу ҳолатнинг илдизи чуқур. Кўпларнинг чеҳраси ва сўзида равшан акс этмаса-да, Ватанга муҳаббатини нигоҳлари, ҳаракатлари, ҳатто оддий туришлари ифода этади.
Мисол учун, "Шинжондаги яшиллик, она табиатга бўлган меҳр, ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, дарахт ва мевали боғларни барпо этиш ҳамда ҳудуднинг яшиллик фауна ва флорасини жиддий асраш борасидаги тажрибасини юртимизда янада оммалаштириш керак", дейди куйиниб МТРКнинг "Ўзбекистон-24" телерадиоканали бўлим бошлиғи Олим Қодиров.
Шунингдек, ҳудуддаги сайёҳлик қишлоқларига борганимизда маҳаллий аҳоли турмуш тарзи ва миллий анъаналар намойишига мослашган хонадонларни кўрганимизда "Биздаги каби қилишибди", деди. Мен "Бизлар улардаги каби эмасми?", дедим ҳазиллашиб. У Ўзбекистонда сайёҳлик қишлоқларида одамлар яшаб тургани, меҳмонлар жонли ҳаётни кўришини айтди. У Ўзбекистонда сайёҳлик қишлоқларида одамлар яшаб тургани, меҳмонлар жонли ҳаётни кўришини айтди. Бу ерда эса яшовчилар меҳмон келишига қараб ҳовлисига келишаркан, бошқа пайтда улар тоғ бағрида деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланар экан.
Албатта, ўрганадиган нарсалар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, томчилатиб суғоришда адирларга ёйилиб кетган майдонлардаги тажриба мақтовга лойиқ. Аммо буни ҳам "Пахтачи" газетаси муҳаррири Санжар Қурбонов ўзига хос шарҳлади:
- Бу ишни бошлаганимизга анча бўлди. Давлат томчилатиб суғориш бўйича ҳамма ишни қўллаб-қувватлаяпти ва рағбатлантиряпти. Ариқ ва бошқа сув йўллари бетонлаштириляпти.
"Renessans TV" бош муҳаррири Жасур Абдураҳмонов эса Туркия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистондан келган таниқли ҳамкасбларимизга мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати ва рақамлаштириш жараёни ҳақида мисоллар билан гапириб берди. Демоқчиманки, вакилларимиз муомалада ҳам, давр сиёсатини тушунишда ҳам, энг муҳими халқаро интеграция масаласида ҳам ўзларини чинакам тафаккур эгалари сифатида намоён этишди.
Абдували эса бу ҳаракатни зўр шарҳлади:
- Биз даврни тушунишда, ҳамкорлик қилишда дунё тан олаётган Президентимиздан ўрганяпмиз!
Дарвоқе, гуруҳимизнинг энг ёш вакили, "Renessans TV" мухбири Маржона Рамазонова гарчи пресс-тур давомида кўпроқ кузатувчи бўлган бўлса-да, Тошкент аэропортида жуда маънили хайрлашув сўзини айтди:
- Мен журналистлар билан халқаро муносабат ўрнатишда, жаҳондаги, мамлакатимиздаги воқеликларга баҳо беришда анча тажриба ўргандим, юртимиздаги ўзгаришлар устуворлигини англаб етдим, - деди у. Очиғи, синглимизнинг ҳаётий хулосаси ҳам менда фахр уйғотди.
Хуллас, Шинжондаги пресс-тур қизиқарли ўтди. Бу ҳудудда истиқомат қилувчи миллат ва элатлар тараққиёти йўлида Хитой давлати томонидан қилинаётган ибратли ишларни кўриш баробарида биз ўз диёримизда бундай сиёсат анъанавий эканлигидан фахрланиб қайтдик. Ўзбекистоннинг дунёдаги энг тинч ва хавфсиз давлатлар рўйхатига киргани фикримизнинг ёрқин исботидир.
Фармон ТОШЕВ.
***
P/S: Ушбу мақола сафар тугаши билан, аниқроғи, Тошкентдан Самарқандга келгунча, йўлда ёзилди.