Биз сув ичган дарёлар
Самарқанд давлат чет тиллар институти шарқ тиллари факультетида ўтказилган ижодий учрашувда айнан ана шу "дарё"лар ҳақида гапирилди.
Институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг бу галги меҳмони Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист ва шоир Ёр Муҳаммад бўлди.
Дастлаб тадбирда филология фанлари доктори, профессор Эркин Мусурмонов Ёр Муҳаммад ижодининг ўзига хос жиҳатлари, шоир асарларида илгари сурилган ғоялар ҳақида тўхталди.
– Публицист ва шоир ижодида ўтмиш ва бугун, замондошларимизнинг ўй-кечинмалари, интилишлари, дарди ва армонлари бадиий жиҳатдан жуда теран ифода этилган, - деди Э.Мусурмонов. – Ижодкор бир қаламкаш сифатида заҳматкаш, қадоқ қўлли одамлар олдидаги бурчи ва масъулиятини юракдан ҳис эта олади. Муаллифнинг “Ўзбек ишлайверади”, “Янги Ўзбекистон бу...”, “Самарқанд”, “Шоир”, “Осиёда бир диёр бор”, “Турғунлик йиллари” каби шеърлари ҳамда юморга бой ҳазил шеър ва масаллари фикримизнинг ёрқин далилидир.
- Китобхон билан юзма-юз бўлиб, унинг ўз ижодинг ҳақидаги мулоҳазаларини тинглаш ҳар қандай ижодкор учун катта қувонч ва масъулиятдир, - деди Ёр Муҳаммад. – Бундай имкониятни тақдим этганлари учун институт жамоасидан чексиз миннатдорман. Қолаверса, ижод, ҳақиқий истеъдод чегара, миллат ва вақтдан холи. Шу туфайли ҳазрат Навоий, Бобур, Махтумқули ва бошқа буюк зотларнинг асарлари неча асрлар оша ҳамон авлодлар томонидан ўқилмоқда, ёд этилмоқда. Демак, улар бебаҳо асарлари орқали ўзларининг иккинчи умрини яшаяпти. Бу умрга эса ниҳоя йўқ. Чунки у мангуликка дахлдордир. Қолаверса, бу улуғлар биз сув ичган дарёлардир.
Учрашувда Ёр Муҳаммад ўзининг публицистик мақола, очерк ва шеърларидан намуналар ўқиб берди ва тадбирда фаол иштирок этган ўқитувчи ҳамда талабаларга китоблар совға қилди.
Ҳафиза АСЛАНОВА.