"Биз ХДПни танладик" - партия сафи шифокорлар ҳисобига кенгайди

Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Б.Насриев Тойлоқ тумани тиббиёт бўлими шифокорлари билан мулоқотда бўлди.

-  Партиямизнинг сайловолди дастурида тиббий хизматнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш етакчи ўринда туради, - дейди Б.Насриев. - Бу борада мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини, мажбурий тиббий суғурта механизмларини қонунчиликда мустаҳкамлашга ҳаракат қилиняпти. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, партия "Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида"ги қонунини қабул қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этади.

Мулоқот доирасида тиббиёт бирлашмаси бош шифокори У.Суюнов ва бир гуруҳ саломатлик посбонлари ХДП мақсадларини, шунингдек партиянинг "Биз жамиятнинг ҳар бир аъзоси саломатлигини мустаҳкамлаш учун тенг имкониятлар яратиш тарафдоримиз" шиорини қўллаб-қувватлагани ҳамда ташаббускорлиги ва фаоллиги учун ХДП вилоят кенгаши томонидан ташаккурнома, эсдалик совға ва бадиий китоблар билан тақдирланди.

Тадбир давомида бирлашманинг 35 нафар ходимига партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.