Бизда ҳайдовчи ва йўловчи маданияти қай даражада?
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саксон саккизинчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.
Депутатлар дастлаб Кенгаш ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг янги таркибини тасдиқлаш, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишига рухсат бериш ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилиб, қарорлар қабул қилди.
2023-2024 йилларда цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш бўйича туман ва шаҳар маҳаллаларидаги 214 объектнинг манзилли рўйхати тасдиқланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоят бўйича минтақавий вакили Д.Ҳусановнинг 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Ахборотда таъкидланишича, вилоятдаги 37-, 38-манзил колонияларида вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида 560 нафар маҳкум тиббий кўрикдан ўтказилган. Аммо маъмурий тартибда ҳибсга олинган шахсларни сақлаш учун махсус қабулхонада мониторинг ташрифи амалга оширилган кунда 161 нафар ҳибсга олинган шахс сақланганлиги аниқланган. Ваҳоланки, бу маскан 60 кишига мўлжалланган бўлиб, белгиланган меъёрдан 101 нафар кўп шахс сақланаётган экан. Мониторинг маълумотномалари республика даражасида кўриб чиқиш учун тегишли идораларга юборилган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси таркибидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва реаблитация марказлари жуда ачинарли аҳволга келиб қолган, яшаш учун шароит йўқ, бинолар таъмирталаб. Мавжуд муаммоларни объектларни бошқа жойга кўчириш ёки қайтадан таъмирлаш орқали ечиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев ахборот берди.
– Прогноз кўрсаткичлари бажарилиши солиқ турлари бўйича таҳлил қилинганда, фойда солиғи 11,8 миллиард сўмга, норуда қурилиш материаллари учун ер каъридан фойдаланганлик учун солиқ 24,7 миллиард сўмга бажарилмаган, - деди вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев. - Масалан, тасдиқланган режа кўрсаткичлари вилоят бюджети бўйича 4,7 миллиард сўмга, Булунғур туманида 2,6 миллиард сўмга, Жомбойда 1,1 миллиард сўмга, Қўшработда 2 миллиард сўмга, Пахтачида 44 миллион сўмга, Самарқанд туманида 908 миллион сўмга, Нурободда 6,6 миллиард сўмга, Ургутда 2,6 миллиард сўмга кам бажарилган бўлса-да, мазкур ҳудудлар бўйича прогноз кўрсаткичлари камайтирилиши натижасида 39,3 миллиард сўм қўшимча манба шаклланган.
Шунингдек, депутатлар ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Х.Тўхтаевнинг вилоятда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан ахборотини эшитди.
Вилоят ҳокими ўринбосарларининг 2023 йил II чоракдаги фаолияти самарадорлиги натижаларини тасдиқлаш, Кенгаш регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Кенгашнинг 2023 йил II ярим йиллигига мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
– Жорий йилнинг 6 ойи давомида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58 тага, тан жароҳати олганлар 42 тага, ҳодисаларда ҳалок бўлганлар 16 тага ошган, – деди Президентимизнинг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисобот берар экан, вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш.Бойхўрозов. - Умумий йўл-транспорт ҳодисалар Нарпай туманида 90 фоизга, Пахтачида 82 фоизга, Паст Дарғомда 74 фоизга, Самарқанд туманида 39 фоизга, Каттақўрғон туманида 32 фоизга, Тойлоқда 20 фоизга, Жомбойда 16 фоизга, Каттақўрғон шаҳрида 28 фоизга, Самарқанд шаҳрида 19 фоизга ортган.
Ўлим билан боғлиқ ҳодисалар Самарқанд шаҳрида 171 фоизга, Каттақўрғон туманида 150 фоизга, Қўшработда 150 фоизга, Пахтачи, Паст Дарғом, Иштихон, Нарпай туманларида 50 фоизга, Ургутда 33 фоизга кўпайган.
Депутатлар йўлларда йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳисоботни тинглаш жараёнида ушбу аянчли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Сессияда “Фахрий мураббий” орденига номзодларни танлаб олиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш бўйича вилоят танлов комиссияси томонидан тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ва бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.