Бизга Турон эмас, Арпаариқ маъқул: Маҳалламизга аҳолининг розилигисиз ном берилган

Оқдарё туманидаги Турон маҳалласининг аввалги номи Арпаариқ эди. Арпаариқ тарихий ном бўлиб, маҳалламизда шу ном билан аталувчи ариқ бор. Арпаариқнинг ўзи бизга қанчалик қадрли бўлса, номи ҳам шундай.

Бироқ 2017 йилда маҳалламизнинг номи аҳолининг фикри ва таклифларисиз Туронга ўзгартирилди. Маҳалла аҳли эса бундан норози. Тўғри, Турон тарихий географик атама бўлиши мумкин, лекин бу сўз “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да йўқ. Хўп, маҳалла номини ўзгартириш керак бўлса, нега унда шу ҳудуд фуқаролари билан маслаҳатлашилмади, аҳолининг фикри сўралмади. Ваҳоланки, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонунда географик объектларга ном беришда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган. 

Мазкур масала юзасидан туман ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилдик. Мурожаатимиз вилоят ҳокимлигига юборилиши ва комиссия қароридан сўнг маҳалланинг номи Арпаариққа ўзгартирилиши айтилган эди. Аммо масала сувга чўккан тош каби жимиб кетди. Дарвоқе, халқ тилида “Шаҳидтепа” номи билан аталадиган маҳалламиз қабристонига ҳам икки йил олдин “Турон” номи берилган экан. Бундан ҳам яқинда хабар топдик. Хўш, яшаб турган маконимизга янги ном берилади-ю, нега биз билмаймиз? 

Мавриди келганда айтай, ён-атрофимиздаги қишлоқларнинг ҳам тарихий номи ўзгартирилиб, бир хил номлар кўп берилган. Мисол учун, "Тошкент-Бухоро" магистрал йўли ёқасида жойлашган Қарқарали қишлоғининг номи Зарбдорга, Зарафшон дарёсининг бўлиниш ирмоғи – Қорадарё ёқасидаги Сарка қишлоғининг номи эса Мустақилликка ўзгартирилган. Бу билан туманимизда шу номдаги бир хил қишлоқлар сони кўпайди, холос. Бизнингча, айрим қадимий географик номлар аҳамиятини йўқотмаслиги учун ўша ҳудуд аҳолиси билан келишиб, ўзгартириш ёки ўз ҳолича келажак авлодга етказган маъқул эмасми? 

Хуллас, маҳалламиз ва қабристонга нега аҳолининг розилигисиз Турон номи берилди, маҳалламизнинг аввалги номи қайтариладими, йўқми? Бунга жавоб берадиган масъуллар борми?

Тўйчи ЭСАНОВ.