Бизнес-омбудсман тадбиркорларга давлат идораларидан 1,5 миллиард сўм ундириб берди
Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият "Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш" унитар корхонаси билан тузилган шартномага асосан белгиланган ишларни бажарган бўлса-да, корхона бу ишлар эвазига хизмат ҳақини ўз вақтида тўлаб бермаган. Шу сабабли МЧЖ раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман)га мурожаат қилди.
Мазкур мурожаатни ўрганиш натижалари бўйича тадбиркор манфаатини кўзлаб Самарқанд шаҳри иқтисодий судига даъво аризаси киритилди ва суд қарори асосида "Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш" унитар корхонасидан МЧЖ фойдасига 99,8 миллион сўм асосий қарз билан биргаликда 19,9 миллион сўм миқдорида пеня ундириб берилди.
Умуман, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида тадбиркорлик субъектларидан 480 та мурожаат келиб тушди. Бу мурожаатларнинг 434 таси мазмунан кўриб чиқилиб, 240 таси қаноатлантирилди, 194 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мурожаатларнинг асосий қисми ер, кадастр, архитектура, инфратузилма, солиқ, банк, молия, кредит, суд ва бошқа органлар қарорларининг ижроси, божхона, текширувлар ва суриштирув-тергов масалалари билан боғлиқ бўлди. Мурожаатларни ўрганиш жараёнида уларда келтирилган важларни атрофлича таҳлил қилиш ва имкон қадар қаноатлантиришга эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, Ургут туманида фаолият юритувчи «Юлдуз» (номи ўзгартирилган) МЧЖдан 144,3 миллион сўм ортиқча солиқ ундирилган. Тадбиркорнинг ушбу маблағни қайтариш юзасидан солиқ идораларига мурожаатлари эътиборсиз қолгач, бизга мурожаат қилди. Масала белгиланган тартибда ўрганилиб, ортиқча ундирилган пул маблағларини қонунчиликда белгиланган тартибда қайтариш юзасидан Солиқ қўмитасига Бизнес-омбудсман хулосаси киритилди. Натижада тегишли сумма тадбиркорлик субъектига қайтарилиши таъминланди.
Қонунчиликка мувофиқ, Бизнес-омбудсманга тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб давлат божи тўламасдан, судларга аризалар, даъволар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган. Ана шу тартиб асосида, вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида судларга 7 та даъво аризаси киритилиб, суд қарорлари асосида давлат идораларидан тадбиркорлик субъектлари фойдасига 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 9 та моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Шунга кўра, давлат идораларида ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича йил бошидан буён тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини бузган 70 нафар шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида қарорлар қабул қилинди. Давлат идораларида фаолият юритувчи 108 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан расмийлаштирилган маъмурий ишлар кўриб чиқиш учун суд ва бошқа идораларга юборилди.
Масалан, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ва муддатини бузганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими ходими Ф.Ш.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2415-моддаси билан маъмурий баённома тузилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилганди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан Ф.Ш.га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг олти баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилди. Умуман, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилган давлат идоралари ходимларига нисбатан жами 289 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарималар тайинланди.
Амалиётда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб рақамларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул маблағлари олиб қўйиш ёки ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари мавжуд бўлса-да, қонунчиликда ушбу ҳаракатларни содир қилган шахсларнинг жавобгарлик масаласи очиқ қолган эди. Ушбу масала юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан киритилган таклифларга асосан, шу йилнинг 10 май куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган 2419-моддага кўра, тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган 1921-2-моддага кўра, шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Бу ҳам тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Жасур ТУРСУНОВ,
Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг етакчи инспектори.