Блогер Дима Қаюм "самосуд"га учради

Ҳалқ депутатлари Учтепа тумани кенгаши депутати, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбарининг ўринбосари Нуриддин Зайнитдинов блогер Дима Қаюмга уюштирилган самосуд бўйича муносабат билдирди:

"Биз қачон одам бўламиз? Энди нишонингизга Дима Қаюм тушдими?

Блогер ва самимий инсон Дима Қаюмга нисбатан кеча Риштонда уюштирилган самосуд ҳолати, унинг олиб бораётган ҳайрли ишлари ва блогерлик фаолияти ғашига теккан, кутубхона қурилишига қарши бир гуруҳ шахслар томонидан бўлгани, яъни бозорчи-аёлларимизни ишга солишгани тақдим этилган видео, фото материалларда кўриниб турибди.

Дима Қаюмга нисбатан тажовуз, таҳдидни, “самосуд” ҳолатини ва унга тегишли телефон экранини синдириб ташланганини кескин қоралайман ва тегишли вазирлик ва идоралардан бу ҳолатни зудлик билан ўрганиб чиқишларини ва алоҳида назоратга олишларини сўрайман.

Бир гуруҳ шахслар томонидан “Бозор бузилганида айбдорсан”, “кутубхона қурмайсан” деб айбланиб, “самосуд” қилинган Дима Қаюм акс этган видеони кўриб, юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги пастлигидан, улар ўз хатти-ҳаракатлари билан инсон ҳақ-ҳуқуқларини паймол этиб, ўзбошимчалик қилгани, ўзи жиноятга қўл ураётганини англаб етмагани кўриниб турибди.

Юртдошларимиз орасида босар-тусарини билмай қолган "самосуд"чилар, бизнинг жамиятда қонун устуворлигини унутиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суднинг ваколатларини наҳот, ўз зиммаларига олишга уринмоқдалар. Бу ачинарли ҳолат!

Шу ўринда ташвиш билан ёзиш мумкинки, охирги пайтлар “самосуд” ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Уларга қўйиб берса, айбдорни ўша ернинг ўзида сазойи қилиб юборишдан, дорга тортиб юборишдан ҳам тап тортишмайди.

Яна такрорлайман, ким бўлишидан қатъий назар “самосуд” ҳолатига йўл қўйилиши мумкин эмас. Жамият қандай бўлмасин, қонун-қоида асосида, тартиб-интизом билан яшашни истайди. Шундагина, миллат, халқ бирлиги, тотувлигига эришилади. Одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши шарт.

"Самосуд"чилар ўзларининг хатти-ҳаракатлари, ўзбошимчаликлари, ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлаётганликларини англаб етиши керак.

Бунга тегишли органларнинг ҳуқуқий баҳо бериши лозим", деб ёзган депутат ўзининг facebook‘даги саҳифасида.

Шу ўринда, суд ҳукми жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ёки бошқа таъсир чораси қўлланилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги, ҳукм қилинмаслиги ҳақидаги жиноят суд иш юритувининг асосий вазифаларини ҳал этадиган, суд муҳокамасига якун ясайдиган, Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган одил судловнинг муҳим ҳужжатидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 11-моддаси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг 14-моддаси ҳамда ЖПКнинг 23-моддасига мувофиқ, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Фақат асосли ва одилона жазо тайинлаш орқалигина жамиятни жиноий хуружлардан самарали ҳимоя қилиш, судланганларни тузатиш ва қайта тарбиялашга эришиш, судланганлар ҳамда бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишни таъминлаш мумкин.