Блогердан гиёҳвандлик моддаларини олиб сотаётган эр-хотин ушланди

Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали сотиб олиб, чегарадан махсус ясалган оёқ қийимнинг пошна қисмига жойлаб бизнес қилувчи, эр-хотиннинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Жорий йилнинг 21 январь куни ИИББ ЖҚБ тезкор ходимлари ҳамда ЙҲХБ инспекторлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида Чирчиқ шаҳри Интизор кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган оқ рангли “Spark” русумли автоулов тўхтатилиб, автомашина ҳайдовчиси Р.Ю.нинг ҳужжатлари текширилганда, ҳайдовчи ўзини шубҳали тутиб, ноўрин хатти-ҳаракатлар қилганлиги сабабли, автоулов салони холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Кўздан кечириш давомида автоулов салони ичида 3 дона гугурт қутиларга қадоқланган жами 12 грамм «marihuana» гиёҳвандлик воситаси, 10 дона оқ рангли қоғоз бўлакларига ўралган жами 6,2 грамм «spice» синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида далилий ашё сифатида олинган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилади. Ҳайдовчи ушбу гиёҳвандлик воситаларини Чирчиқ шаҳрида яшовчи ўзининг танишлари эр-хотин Б.М. ва А.Х.лардан олганлигини маълум қилади.

Б.М. ва А.Х.ларнинг жиноий фаолиятига чек қўйиш мақсадида ўтказилган тадбир натижасида улар махсус харидорга 1 миллион 500 минг сўм пул эвазига 9,2 грамм “spice” синтетик гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, хонадонида бўлган Ф.И.дан 1,10 ва уйидан 5,46 грамм “spice” синтетик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.

Ушбу олинган гиёҳванд ва психотроп моддаларининг манбасини аниқлаш бўйича олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Б.М.нинг хотини А.Х. юқорида келтирилган 12 грамм “марихуана” ва 20 граммдан ортиқ “spice” синтетик гиёҳвандлик моддаларини қозоғистонлик бўлган ижтимоий тармоқ блогеридан олиб, доимий равишда Ўзбекистон божхона чегара масканларидан, махсус тайёрланган оёқ кийимининг пошнасига (контейнер) яширган ҳолда олиб ўтганлиги аниқланган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.