Бўлди ажаб ҳангомалар: “Маҳалла” жамғармасининг солиқдан қарзини ХДП тўлаши керакми?

2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши давлат солиқ хизмати органларининг маълумотлар базасида ҚҚС гувоҳномасининг ҳолати нофаол тизимга ўтиб қолган.

Бунинг сабабини билиш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармасига мурожаат қилинганда, вилоят адлия бошқармасининг 2021 йил 25 октябрдаги буйруғи билан фаолияти тугатилган “Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши”нинг солиқдан қарздорлиги борлигини маълум қилишган.

Нима учун бир ташкилот учун бошқа ташкилот нофаол тизимга ўтиб қолиши керак, деган савол туғилиши табиий.

Гап шундаки, айни пайтда Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти кенгашига раҳбарлик қилаётган Б.Насриев 2018-2019 йилларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши раиси бўлган ва ўша пайтда кенгашнинг солиқ органларида ҳужжатларида унинг СТИР рақами қайд этилган. Партиянинг, демакки, Б.Насриевнинг “айби” шу – СТИР рақамида.

Яна бир эътиборли томони, Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2021 йил 30 апрелдаги маълумотномасида Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекциясидан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган “Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши”нинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан қарзи йўқлиги кўрсатилган.

Ушбу масала юзасидан ХДП вилоят кенгаши раҳбарияти солиқ органларига бир неча марта мурожаат қилган. Аммо, жавоб бир хил – қарзингизни тўлаб қўйинг!

Саволлар туғилади – ташкилот тугатилаётганда унинг солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлиги тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиб, кейин хулоса берилмайдими? Ёки ўша ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича меросхўри бу вазифаларни бажармайдими? Ташкилот раҳбари бошқа жойга ишга ўтганда эски иш жойида қайд этилган СТИР рақами алмаштирилмайдими?