Бобурмирзо Облоқулов: Қурувчининг виждонини уйғотиш керак

Рудакий кўчасида қувур ётқизишдаги камчиликлар бўйича ўтказилган брифингда Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Облоқулов шундай деди:

- Барча обьектларда ҳар бир қурувчининг иши устидан доимий назорат ўрнатиш мушкул. Ҳозирча буни бажаришга мажбурмиз. Чунки соҳа ходимлари фаолиятида коррупцияга оид ҳолатларни бартараф этиш оғир кечаяпти. Ҳатто тармоқдаги назорат идоралари ҳам томошабин бўлиб турибди.

Ишни сифатсиз бажарган, давлат маблағини талон-торож қилган бинокор албатта, қонун олдида жавоб беради. Лекин биз қурувчининг виждонини уйғотишимиз лозим. У кимнинг пулига, ким учун қураётганини, сифатсиз, чала иш охир-оқибат уни боқаётган халқ учун зарар келтиришини тушунсин. Қурувчилик манфаат келтириш баробарида, шарафли касб эканлигини англаб етсин.

Бунинг учун жамоатчилик, депутатлар, журналистлар, блогерлар, жонкуяр фуқаролар кучидан фойдаланиш зарур.