Чилқудуқлик муҳтож оиланинг уйи таъмирланадими? Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари эътиборига!

“Самарқанд шаҳридаги Хишрав қўрғони, Чилқудуқ маҳалласида яшайман. 74 ёшдаман, соғлигим яхши эмас. Уч нафар вояга етмаган фарзандим бор. Яшаётган уйимиз таъмирталаб – деворлар зах тортган, том, эшик-деразаларимиз фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолган. Оиламиз билан шу куз-қиш мавсумини минг азобда ўтказдик. Уй-жойимизни таъмирлаб беришларини сўраб, Халқ қабулхонаси ҳамда тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдим. Натижа бўлмаяпти...”.

Нормурод Юнусов томонидан таҳририятимизга йўлланган ушбу мурожаатни ўрганиб, қонун доирасида жавоб беришини сўраб Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Р.Олимов номига хат жўнатдик. Аммо 15 кундирки, шаҳар ҳокимлиги мутасаддисидан мурожаат юзасидан бирон бир муносабат ёки жавоб ололган эмасмиз.

Чилқудуқ маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларининг таъкидлашича, “Ҳақиқатда бу оила ёрдамга жуда муҳтож. Шунинг учун ушбу оилани “Темир дафтар”га киритганмиз. Баҳоли қудрат озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чораларини кўряпмиз. Аммо Н.Юнусовнинг уй-жойини таъмирлаб беришга қурбимиз етмаяпти. Бу борада шаҳар ҳокимлигининг кўмаги зарур”.