Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов: COVID-19 пандемиясига қарши биргаликда курашамиз!

Азиз ҳамшаҳарлар!

Бугун нафақат Сиз ва биз, балки бутун инсониятни коронавирус, деб аталмиш тез тарқалувчан, ўта юқумли касаллик ташвишга солмоқда. Касалликнинг ўчоғи Хитойда бўлса-да, тез орада жаҳонни қамраб олди. Ўзининг хатарли оқибатлари билан барча тўсиқларни енгиб ўтаётган ушбу касалликка қарши бутун ҳамжамият курашмоқда.

Мамлакатимиз, жумладан, шаҳримизда ҳам ушбу ўта юқумли касалликнинг олдини олиш, унга чалинганларни соғломлаштириш, хорижда бўлиб қайтганларни карантин ҳолатида сақлаш чоралари кўрилмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида бугунги кунда барча амалий чоралар олиб борилмоқда.

Ушбу фармонга мувофиқ, жойларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хориждан қайтганларни махсус карантинда сақлаш, касаллик аниқланган беморларни даволаш юзасидан умумдавлат миқёсидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Ҳар қандай касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш маъқул, деган гап бор халқимизда. Ўзининг бой анъана ва удумларига эга бўлган халқимиз азалдан ана шу нақлга амал қилиб келган. Ҳар қандай хасталикнинг олдини олишда тозалик-озодалик, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш асосий талаб ҳисобланади. Аввало, ўз танамизни, яшаётган хонадонимизни, кўчамиз ва маҳалламизни, шаҳримиз озодалигини таъминласак, ҳар қандай дарднинг олдини олган бўламиз.

Муҳтарам ҳамшаҳарлар!

Юқумли касаллик тарқалиши муносабати билан бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам эҳтиёт чоралари кенг миқёсда қўлланилмоқда.

Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, касб-ҳунар таълими ва олий ўқув юртларида карантин тизимининг жорий этилиши аввало, фарзандларимиз, қолаверса, барчамизнинг саломатлигимизни сақлаш учун қилинган умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли чора-тадбирлардир.

Бундан ташқари, карантин муносабати билан уйда ўтириши лозим бўлган, эҳтиёж бўлмаса, кўчага чиқиш мумкин эмаслиги уқтирилган айрим соҳалар ходимлари, нафақахўрлар “зериккани”дан кўчага йўл олаётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Маълумки, бугун мамлакатимизда барча оммавий ва кўнгилочар тадбирлар, расмий йиғилишларни ўтказишга қатъий таъқиқ қўйилган. Шунга қарамасдан илгаригидек борди-келдини давом эттираётган, бунда мажбурий таътилда бўлган фарзандларини ҳам жалб этаётган ота-оналар йўқ эмас. Тантаналар ва оммавий тадбирларни бекор қилишдан мақсад Сиз ва бизнинг саломатлигимизни сақлашдан иборат. Ахир бундай тадбирда бир бемор иштирок этса, камида ўндан ортиқ соғлом одамни вируслар билан “таъминлаган” бўлади.

Кейинги пайтларда шифохоналарда ҳам карантин тартиби жорий этилиши муносабати билан беморларни қабул қилишнинг янги йўналишлари белгиланди. Унга мувофиқ, саломатлигида жиддий ўзгариш бўлган бемор ёки унинг яқинлари бевосита “Тез тиббий ёрдам”га телефон орқали мурожаат этишлари зарур. Афсуски, ҳозирги ҳолатда кўпчилик беморнинг ҳолатини ҳисобга олмасдан, юқоридаги хизматга мурожаат этмасдан, беморни шифохонага келтириш ҳолатлари кучаймоқда. Бу ҳол айни пайтда коронавирус хавфи билан курашаётган шифокорлар хизматида янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Энг оғир ҳолатлар ёки коронавируснинг дастлабки аломатлари кузатилишидан ташқари, барча ҳолатларда фуқароларимиз шифохоналарга тўғридан-тўғри келмасдан, уйида туриб мурожаат этиши бўйича тизим яратилган.