Боғча боласи бошқача бўлади

Иштихон шаҳридаги 3-МТМда 27 йилдан буён фаолият юритаман. Бугун болажонларга сабоқ бериш биз, тарбиячиларга ҳам завқ бағишлайди, ҳам масъулият юклайди. Шу кунгача "Таянч болажон" ва "Болажон" дастурлари билан иш олиб борганмиз. Жорий йил сентябрь ойидан "Илк қадам" дастури асосида болажонларга таълим-тарбия бермоқдамиз. Дастур бешта йўналишни қамраб олади. Булар: жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш кўникмалари, билиш жараёнининг ривожланиши, ижтимоийиссий ривожланиш ҳамда ижодий ривожланишни амалга оширишда комплекс ёндашувни кўзда тутади.

"Кластер", "Зинама-зина", "Балиқча" каби ўйинлар орқали болаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширяпмиз.

Шунингдек, италиялик педагог Мария Монтессори услуби бўйича ҳам машғулотлар олиб боряпмиз. Мазкур услубнинг асосий жиҳати, ҳар бир боланинг ягона ва такрорланмаслигига бўлган ишонч, ўзига хос ривожланиш режаси, уни ўраб турган дунёни ўрганиш усуллари ва муддати кишининг эътиборини ўзига тортади. Шунинг учун Монтессори болага дунёни ўз ривожланиш даражасида ўрганиш, иш учун у ёки бу материалларни ўзи танлаш имконини беради.

Бола ўз иқтидорини ривожлантириши учун Монтессори услубида имконият катта. Бунинг учун болага дунё тўғрисидаги билимларини бир тизимга солишга ёрдам берадиган тайёр муҳит яратилган.

Боғчамизда ҳар бир гуруҳда қурувчи, шифокор, уй бекаси, тикиш-бичиш, рассомчилик бурчаклари ташкил этилган. Болалар кун тартибини эркин белгилайди. Кимдир сурат чизади, кимдир ўзининг хоҳлаган ўйин бурчагида ўйнайди, кимдир эртак китобларни ўқишимизни талаб этади. Бу орқали болаларнинг қизиқишлари ҳам эрта шаклланади.

Муассасамизда 8 гуруҳда тарбия­ланаётган 250 нафар боланинг барчасига белгиланган режа асосида машғулотларни олиб боришга ҳаракат қиламиз.

"Иқтидорсиз бола бўлмайди", дейдилар. Иқтидорни тўла шакллантириб, уни истеъдод даражасига етказиш тарбиячиларнинг меҳри ва маҳоратига боғлиқ.

 

Иқбол УБАЙДУЛЛАЕВА,

Иштихон туманидаги 3-МТМ тарбиячиси.